Спорт хабарлари

–
Ўзбекистонлик каратэчи АҚШ очиқ чемпионати ғолиби бўлди
АҚШнинг Техас штатида каратэ бўйича ўтказилган АҚШ Очиқ чемпионатида ҳамюртимиз Шоҳрухбек Турсунмахамматов -75 кг вазн тоифасида якка тартибдаги кумитэ баҳсларида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор бўлди.
7 ёшидан бери каратэ билан шуғулланиб келган Шоҳрухбек Турсунмахамматов кумитэ йўналиши билан бир қаторда, ката машқларини бажаришда ҳам совриндорлар қаторида эътироф этилди.

Жанубий Кореяда кураш бўйича Осиё чемпионати бошланмоқда
Эртага Жанубий Кореяда миллий спортимиз кураш бўйича катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги навбатдаги Осиё чемпионати бошланади.
Бугун Халқаро кураш ассоциацияси, Жанубий Корея кураш федерацияси ва ташкилий қўмита аъзолари чемпионат ўтадиган марказдаги сўнгги тайёргарлик ишлари билан танишди.

Чемпионат доирасида Халқаро кураш институти ва Жанубий Кореянинг Жунгвон университети вакиллари ўртасида миллий спортимиз курашни оммалаштириш истиқболлари хусусида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Жунгвон университети департамент раҳбари жаноб Канг Жонг-Хун кураш бўйича қитъа биринчилигига айнан Жунгвон университети танлангани учун миннатдорлик билдириб, ўзаро ҳамкорлик алоқалари сермаҳсул ва бардавом бўлишини таъкидлади.

Футбол бўйича Ўзбекистон U-17 жамоаси Англия билан куч синашади
Шу кунларда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси жорий йилнинг 3-27 ноябрь кунлари Қатарда ўтадиган U-17 Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда.
Ислом Исмоилов бош мураббийлигидаги ўсмирлар терма жамоаси аъзолари жорий йилнинг сентябрь ойида Испанияда ташкил этиладиган ўқув-машғулот йиғинида иштирок этиши белгиланган.

Режага кўра, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзолари йиғин давомида ўтказиладиган халқаро турнирда Англия, Канада ҳамда Марокаш U-17 терма жамоаларига қарши майдонга тушади.
Ҳамюртларимиз 3 сентябрда Англия, 6 сентябрда Канада ва 9 сентябрда Марокаш жамоасига қарши баҳслашади. Эслатиб ўтамиз, Англия, Канада ҳамда Марокаш ўсмирлар терма жамоалари Жаҳон чемпионатининг иштирокчилари ҳисобланади.

Т.Рўзиев,
ЎзА