Байрам тантаналари ўтказилмоқда

121

30-июль — мамлакатимизда Халқлар дўстлиги куни сифатида нишонланади. Ушбу сана муносабати билан Беруний туманида «Ўзбекистон ягона Ватан!» мавзусида байрам тадбирлари ташкил этилди.

Тадбирни туман ҳокими И.Хидиров байрам табриги билан очиб берди. У ўз сўзида жамиятда ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва аҳилликнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди. “Қайси жамиятда аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик қарор топса, тараққиёт, равнақ, эл-юрт осойишталиги ва юрт фаровонлиги ҳукм суради. Бугун барчамиз тинч кунимизга, тўкин дастурхонимизга шукроналар айтиб, ҳамжиҳатликда ва қариндош бўлиб яшаётган, кўп миллатли Ўзбекистон диёрида яшаётганимиз бизнинг бахтимиздир”, — деди ҳоким.

Беруний туманида 12 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Улар туман ижтимоий ҳаётида ўз ўрнига эга. Таълим муассасаларида дарслар ўзбек, қозоқ, қарақалпоқ, туркман ва рус тилларида олиб борилади. Миллатлараро тотувлик нафақат расмий байрамларда, балки доимий равишда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар орқали ҳам тарғиб этилмоқда, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

Байрам муносабати билан ташкил этилган тадбирда турли миллатларга мансуб аҳоли ўз ижодий маҳоратини намоён этди. Кўргазмалар, қўшиқлар, рақслар, рассомлар асарлари, шахмат ва шашка мусобақалари каби турли йўналишлардаги чиқишлар байрам кайфиятини янада кўтарди. Миллий халқ қўшиқлари ва санъат арбобларининг чиқишлари эса тадбирга ўзгача шукўҳ бағишлади.

Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари биргаликда тинч ва ҳамжиҳат ҳаёт кечирмоқда. Уларнинг ҳар бири юрт тараққиётига, ҳуқуқий демократик давлат қурилишига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Улар умумий уйимиз — Ўзбекистон ривожи йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги