Бош мақсад-аҳоли фаровонлигини таъминлаш

128

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги «Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида, республикамизда кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг Қорақалпоғистон ҳудудий филиали томонидан аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ.

Президентимизнинг ушбу қарорининг Нукус шаҳри ва Хўжайли туманларида бажарилишини кенг жамоатчиликка таништириш мақсадида, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг Қорақалпоғистон ҳудудий филиали томонидан республикамиздаги оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди.

-Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги 330-сонли қарори асосида, республикамиз бўйича 87 маҳаллада 9356 темир бетон устунларини, 398,1 км узунликдаги электр узатиш тармоқлари ва 88 трансформатор пунктларини реконструкция қилиш ва янги қурилиш ишларини олиб бориш режалаштирилган,-дейди бизга «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг Қорақалпоғистон ҳудудий филиали матбуот котиби Қаллибек Нағметов.-Бугунги кунга қадар шундан 9 мингдан ортиқ темир бетон устунлари қурилиб, 381,3 км масофадаги электр линиялари тортилди ва 82 трансформатор қуриб берилди.

– Ҳозирги вақтда «Телемарказ» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 5 та кўчага замонавий сив кабеллар тортиб, бир жойга янги трансформатор қуряпмиз, – дейди Нукус шаҳар электр таъминоти корхонаси устаси Ботихон Мамбетназаров. Энди янги линиялар тортилиши ва трансформатор қурилиши натижасида аҳолини электр энергияси билан таъминлаш яхшиланади.

– Хўжайли тумани бўйича 25 минг 700 та хонадонни электр энергияси билан таъминлаймиз, – деди Шухрат Нарбаев.- – Туманимиз бўйича Амударё, Саричунгул, Қумжиққин, Саманкўл овул фуқаролар йиғинлари, Шағалакўл ва Кун Нури маҳалла фуқаролар йиғинлари оғир ҳудудларга киритилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида, ушбу ҳудудларда 1015 та темир бетон устунлари ўрнатиш, 25,9 км масофага электр линияларини тортиш ва 7 та трансформатор қуриш белгиланган. Шундан бугунги кунга қадар 782 та темир бетон устунлари ўрнатилиб, 25,8 км масофага электр линиялари тортилди ва 6 та трансформатор қурилди. Қолган ишларни яқин кунлар ичида якунлаб, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги байрамига совға қилишни мақсад қилиб қўйганмиз.

Ўтказилган пресс-тур давомида журналистлар тегишли соҳа мутахассисларига бир қатор саволлар бериб, уларга тегишли жавоб олди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.