Ўзаро ҳурмат ва дўстлик мустаҳкамланмоқда

99

 

Қонликўл туманида 30 июль – «Халқлар дўстлиги» куни муносабати билан концерт дастури бўлиб ўтди.

Туманда 54 мингдан зиёд аҳоли, шундан ўнга яқин турли миллат вакиллари яшаб, меҳнат қилиб келмоқда.

Байрам муносабати билан ушбу миллат вакилларининг миллийлигини акс эттирувчи миллий либослар, ҳунармандчилик ва бошқа йўналишларда кўргазмалар йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.

Йиғилганларни туман ҳокимининг ўринбосари Р.Қалимбетов табриклаб, Президентимизнинг 2025 йил 10 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорида белгиланган «Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» деган ғояни ўзида мужассам этган бугунги фестивалнинг аҳамиятига кенг тўхталиб ўтди.

Дарҳақиқат, дунёдаги ҳар бир давлатнинг миллий суверенитети ва мустақиллиги ушбу давлатнинг халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаши, ўз халқининг тинч ва фаровон ҳаётини, унинг энг муҳим манфаатларини таъминлашга хизмат қиладиган мустаҳкам сиёсий-ижтимоий пойдевор ва куч-қудрат манбаидир.

Байрам тадбири миллатлараро тотувлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, турли миллат вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва дўстликни янада чуқурлаштиришга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Тадбир туман маданият бўлими ва халқ истеъдодлиларининг жўшқин куй-қўшиқлари, шунингдек, турли миллат ва элат вакилларининг миллий қўшиқ ва рақслари билан давом этиб, халқлар дўстлигининг гўзал намунасини намойиш этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.