Депутат сайловчиларга ҳисобот берди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига 52-сонли «Оқманғит» сайлов округидан сайланган депутат Алишер Жуманазаров 2025 йилнинг II чорагида амалга оширилган ишлари бўйича ҳисобот бериш учун ўз сайловчилари билан учрашди.
Учрашувда Нукус тумани Нуроний жамғармаси раиси Ж.Қайпов, Нукус тумани кенгаши депутатлари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, маҳалла еттилиги аъзолари ва кўча оқсоқоллари иштирок этди.
Дастлаб халқ вакили 2025 йилнинг II чорагида амалга оширилган ишлари юзасидан сайловчиларга ҳисобот берди.

Учрашув давомида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, қонун, фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, жумладан, Қорақалпоғистон учун берилаётган имкониятлар, шунингдек, партиянинг сайловолди дастурида илгари сурилган ташаббуслар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Аҳолининг 10 га яқин мурожаати ва кўп йиллардан буён ечимини кутаётган масалалар ўрганилди.
– Депутат А.Жуманазаров фидойи, халқпарвар, жонкуяр депутат сифатида маҳалламиз фуқароларининг ҳурмати ва ишончини қозониб келмоқда. Унинг бевосита саъй-ҳаракатлари билан туманимизнинг Саманбой, Улгили макон, Оқманғит, Деҳқон арна ва Тақиркўл маҳаллалари кундан-кунга ободонлашмоқда. Яқинда маҳалламизга бетон устунлар ва насослар қуриб, электр симларини тортиб берди. Юртимизга, халқимизга катта яхшилик қиляпти депутатимиз, барака топсин. Унинг қилаётган холис ишидан барча маҳалла халқи миннатдор, – дейди Улгили макон МФЙ фуқароси А.Давлетниязов.

Дарҳақиқат, ўтган давр ичида, халқ вакилининг эътибори ва ғамхўрлиги туфайли Улгили макон МФЙда аҳоли учун бир қатор қулайликлар яратилди. Аҳоли мурожаатлари асосида ички йўллар тартибга келтирилиб, қум, шағал тош тўшалди. Депутатнинг кўмаги билан Узункўл массиви ҳудудидаги «Қарлыгаш» кўчасига диаметри 250 мм. бўлган замонавий сув насоси қўшимча барча ускуналари билан бирга ўрнатиб берилди. «Қаттағар» каналининг қишлоқ ҳудудидан ўтувчи 400 метрлик масофадаги майдони экскаватор ёрдамида қазиб тозаланди. Шунингдек, Деҳқон арна МФЙ «8-Март» қишлоғидаги эски электр сим устунлари ўрнига, бетон устунларни ўрнатиш ишлари олиб борилди.
Депутат фаолиятига бағишланган ҳисобот йиғилиши унинг ҳудуддаги кўплаб масалаларда сайловчилар ишончини оқлаши, халқни рози қилишга қаратилган амалий ишлари билан аҳамиятли бўлди.
Учрашув давомида истиқболдаги долзарб вазифалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги