Гендер тенглик ва тинчликни сақлашда парламентлараро мулоқот ривожлантирилади

Сенат Раиси бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Женева шаҳрида Парламентлараро Иттифоққа аъзо мамлакатлар парламентлари аёл спикерларининг инклюзив ва узоқ муддатли тинчлик йўлида етакчилик масалаларига бағишланган 15-саммитида иштирок этди.
Парламентларнинг аёл спикерлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда экспертлар иштирокида ўтган саммитда аёллар етакчилиги, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, инклюзив сиёсатни илгари суришга оид қатор масалалар муҳокама қилинди.
Тинчлик ва барқарорликни таъминлашда парламент аъзолари бўлган хотин-қизларнинг ролига алоҳида эътибор қаратилди.

Саммитнинг биринчи сессияси доирасида Сенат Раиси Т.Норбоева маъруза қилиб, БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан қабул қилинган “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” резолюциясининг асосий қоидалари “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда Гендер тенгликни таъминлашга қаратилган миллий стратегияда ўз аксини топганини таъкидлади.
Ўзбекистон Парламентлараро Иттифоқнинг 150-ассамблеясида тақдим этилган “Гендер тенгликка эришамиз: ҳаракатлар кетидан ҳаракатлар!” шиори остида гендер тенгликни қўллаб-қувватлаш бўйича глобал кампанияни илгари сурган илк мамлакатлардан бири бўлгани алоҳида таъкидланди.
Саммит давомида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ролини кучайтириш, гендер тенглик ва тинчлик масалалари бўйича барқарор ҳамда мунтазам парламентлараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган таклифлар билдирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА