Ёш тадбиркорлар ва стартаперлар учун янги имкониятлар эшиги очилмоқда

166

Нукус шаҳридаги Ёшлар марказининг мажлислар залида ёш тадбиркорлар ва стартап ғоясига эга ёшлар учун муҳим учрашув бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда турли соҳаларда ўз бизнес ғоясига эга ёшлар, стартаперлар ва мутахассислар иштирок этди.

Учрашувнинг асосий мавзулари қуйидагилардан иборат бўлди:

C1 сертификатига эга бўлган ёшлар учун ссудалар ажратилиши — чет тилларини билиш даражасини тасдиқловчи C1 сертификатига эга ёшлар учун бизнес соҳасида ссудалар ажратилиши режалаштирилган. Айниқса, чет эл тили бўйича ўқув марказларини очиш учун четки туманларда махсус имтиёзли молиявий ёрдам тақдим этилади.

Ёшлар ва стартаперлар ўртасида фикр алмашинуви — тадбирда иштирок этганлар ўз ғоялари устида муҳокамалар ўтказди, тажриба алмашишди ва мутахассислардан маслаҳатлар олишди. Ушбу жараёнда бизнес ғояларни қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган грантлар ва кредит линиялари ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Янги ёшлар фонди ташкил этилиши — ёшларнинг ташаббуслари ва бизнес ғояларини молиялаштириш мақсадида янги махсус фонд ташкил этилиши режалаштирилган. Бу орқали ҳар бир ёш ўз стартапини амалга ошириш учун зарур маблағни олиш имконига эга бўлади.

Стартап ғояларига инвестиция — Ёшлар ишлари агентлиги томонидан келгусида истиқболли стартапларга инвестиция киритиш амалиёти йўлга қўйилади. Бу орқали лойиҳаларни амалга оширишда давлат қўллаб-қуввати янада сезиларли бўлади.

Мазкур семинар доирасида қатнашчилар бизнес режа тузиш, инвестиция жалб қилиш, грантлар ва имтиёзли кредитлардан фойдаланиш механизмлари ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлишди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 14 февраль куни Президентимиз томонидан ёшлар билан ўтказилган мулоқотда ҳам шундай ташаббуслар илгари сурилган эди. Унда ёшларга молиявий ёрдам кўрсатиш, билим ва касб эгаллашда шарт-шароитлар яратиш, уларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.

 

Азизбек Дабылов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси