Тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Уразалиев Нукус туманида жойлашган қуритилган помидор тайёрловчи корхона фаолияти билан яқиндан танишди.
Таъкидлаш жоизки, юртимизда етиштирилган помидор маҳсулотларини табиий шароитда қуритиб, экспорт қилаётган мазкур фермер хўжалиги мамлакатимиз экспорт салоҳиятида кам харажатли янги йўналишни очиб берди.

– Франция давлатидан олиб келинган махсус уруғдан алоҳида парваришлаш йўли билан етиштириладиган помидорни тузлаб, табиий шароитда қуёш нурида қуритиш кўп харажат талаб этмайди, – дейди хўжалик раҳбари Шерзод Ниёзимбетов. – Табиий шароитда қуритилган органик помидор маҳсулотига Франция, Италия бозорларида талаб ошиб бормоқда. Ўтган йили 100 минг АҚШ доллари қийматидаги 18 тонна қуритилган помидор маҳсулотини экспорт қилган бўлсак, жорий йилда ҳам маҳсулот пишиб, қуритиш ишлари амалга оширилмоқда.
Учрашув давомида М.Уразалиев хўжаликнинг экологик тоза қуритилган помидор тайёрлаш, қайта ишлаш ва сақлашни ташкил этиш лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, 100 гектар ерда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш ва қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб олишда мавжуд муаммо ва масалаларни ўрганди.

Қуритилган помидор товарлари экспорт географиясини ошириш бўйича тавсиялар берилиб, қайта ишлашни ташкил этишда хориждан олиб келинган асбоб-ускуналарга божхона тўловларидан бериладиган имтиёзлар, «Экспорт 3 қадамда» тизимининг афзалликлари бўйича маълумотлар берилди.
Навбатдаги манзилда божхона масъуллари Хўжайли туманидаги Саманкўл ОФЙ ҳудудида жойлашган ёшлар ижтимоий-иқтисодий марказини ташкил этиш инвестиция лойиҳаси билан танишди.

Қиймати тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ҳисобидан 100 миллион АҚШ долларига баҳоланган ушбу лойиҳа учун 152 гектар ер майдони ажратилган. 2028 йил декабрь ойида ишга туширилиши режалаштирилаётган мазкур объектда хорижий инвестицияни ўз вақтида ўзлаштириш, қурилиш ишларини сифатли олиб бориб, лойиҳанинг кечиктирмасдан ишга туширилишини таъминлаш чораларини кўриш бўйича тавсиялар берилди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.