Қишлоқларда ҳам тадбиркорлар кўпаймоқда

«Ватан учун, миллат учун, халқ учун!»

Маданият овул фуқаролар йиғини Қораўзак туманидаги энг йирик аҳоли пунктларидан бири бўлиб, бугунги кунда йиғин ҳудудидаги 1296 хўжаликда 6600 дан ортиқ аҳоли тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда.

Ҳудудда 3 та умумий ўрта таълим мактаби, 2 та давлат, 3 та хусусий мактабгача таълим ташкилоти, 21-сонли оилавий поликлиника ҳамда 20-сонли «Юлдузча» маданият маркази жойлашган. Маҳалла аҳолиси асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади.

Шундай бўлса-да, сўнгги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби бу ерда ҳам тадбиркорлик билан шуғулланувчилар сони кўпайиб бормоқда. Асосан қизилмия етиштириш, унинг илдизини қайта ишлаш ва уларни экспорт қилишга ихтисослашган «Қораўзак Агро» масъулияти чекланган жамияти шундай корхоналардан бири ҳисобланади.

– Жамиятимиз 275 гектар ер майдонига эга, – дейди мазкур корхона иш юритувчиси Нурниёз Юсупов. Жорий йилда Жанубий Кореяга 120 тонна қизилмия илдизини етказиб бериш бўйича ўзаро шартнома тузганмиз ва айни кунларда шартномани бажариш мақсадида, қизғин ишлар олиб бормоқдамиз. Бу ишларда 15 дан ортиқ ишчилар иштирок этмоқда. Шу билан бирга, айни пайтда 30 гектар ерга бўян ўсимлигини экиш учун ерларни тайёрлаяпмиз.

– Мана олти йилдирки шу корхонада ишлайман, – дейди ҳудудда яшовчи Сапура Хўжаназарова. Кунига 8 соат ишлаб, уйимизга қайтамиз. Ойликларимиз ҳам ўз вақтида берилиб турибди. Бунинг учун корхона раҳбарларига раҳмат айтаман.

Шунингдек, ушбу маҳалла ҳудудида фаолият юритаётган аҳолига хизмат кўрсатувчи «Замира тикувчи» ва «Шегебай ота» жамиятлари ҳам шундай тадбиркорлик субъектларидан ҳисобланади.

– Айни пайтда жамиятимизда 5 нафар хотин-қиз ишламоқда, – дейди мазкур жамият раиси Замира Рамбергенова. Шу билан бирга, жамиятимизда уйида бўш ўтирган ва тикувчиликка иштиёқи бор аёл-қизларни кийим-кечак тикишга ўргатяпмиз.

– Ҳудудимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларни тадбиркорликка жалб этиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Маданият овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги ҳоким ёрдамчиси Зийўар Жақсимова. 154 кишига эса, ўзини-ўзи банд қилиш мақсадида, 113 гектар экин майдони ажратиб берилди. Наманган вилояти ҳомийлигида 60 та хонадоннинг томлари шиферлаб берилди. 2024 йилда «Очиқ бюджет» портали маблағлари ҳисобидан 1,5 км, жорий йилда эса, 4,5 км масофадаги йўллар асфалтьланди. Келажагимиз бўлган ёш авлоднинг замон талабига мос таълим-тарбия олиши учун 120 ўринли 3-сонли мактабгача таълим муассасасининг янги биноси қад ростламоқда. Бу албатта ҳудудимиз аҳолисининг кўнглини тоғдек кўтариб, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

Ҳақиқатан ҳам «Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» деган ғояни ўзларига бош шиор қилиб олган Маданият овули аҳолиси Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллик байрамини кўтарингки руҳда нишонлаш учун фидокорона меҳнат қилмоқда.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.