Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш такомиллаштирилади

114

Мамлакатимизда ёқилғи-энергетика ресурслари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш соҳасидаги ишларни тизимли равишда йўлга қўйишга эътибор қаратилмоқда.

Ушбу соҳада таъсирчан давлат назоратини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Шу билан бирга, ёқилғи-энергетика ресурслари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриш, электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш, газдан ёқилғи ёки хомашё сифатида фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликка тортиш чораларини такомиллаштириш лозим.

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасининг мажлисида шу ҳақда сўз юритилди. Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш чораларини такомиллаштиришга оид қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Қонун билан Жиноят кодексида электр, иссиқлик энергиясидан, газ ва сув ўтказгичдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жазо чораларини кучайтириш назарда тутилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги ноаниқликларни бартараф этишга, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ёқилғи-энергетика ресурслари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга ҳамда бундай ҳуқуқбузарликлар учун жазо чораларининг таъсирчанлигини оширишга қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда.

Сенаторлар ушбу қонун ёқилғи-энергетика ресурслари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилишини таъкидлади.

 

Н.Абдураимова, ЎзА