Ўзбекистон–Беларусь аёллари бизнес-форумига тайёргарлик кўрилмоқда

94

Жорий йилнинг 28–29 август кунлари Витебск шаҳрида Беларусь–Ўзбекистон аёллари учинчи бизнес-форуми ўтказилади.

Форум Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгаши Раиси Наталья Кочанова ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ташаббуси билан ташкил этилмоқда.

Шу муносабат билан Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгашининг Халқаро алоқалар ва миллий хавфсизлик бўйича доимий комиссияси раиси Сергей Алейник ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Аъзамхўжаев бошчилигида бизнес-форумни юқори савияда ташкил этишга бағишланган ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда форумга тайёргарлик кўриш масалалари батафсил муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасидаги қатъий позициясини яна бир бор тасдиқлади.

Шунингдек, парламентлараро муносабатларни изчил давом эттириш, йўлга қўйилган мулоқотни самарали платформалар орқали ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Маълумки, аввалги иккита бизнес-форум самарали натижалар билан якунланган. Бўлажак тадбир ҳам ўзаро манфаатли шерикликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Учинчи форум доирасида икки мамлакат аёл тадбиркорлари иштирокида иқтисодиётнинг турли соҳаларига оид мавзуларда бир қатор секция йиғилишлари ўтказилиши режалаштирилган.

Форум иштирокчилари ўзаро тажриба алмашиш, янги ҳамкорлар излаш, истиқболли лойиҳаларни илгари суриш, шунингдек, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш имкониятига эга бўлади.

Тадбир доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари ва аёл тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, ёшлар парламентлари томонидан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, устувор иқтисодий соҳаларда истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича келишувлар имзоланиши кутилмоқда.

Н.Абдураимова, ЎзА