«Давлат хавфсизлик хизмати кубоги» ғолиблари тақдирланди
Нукус шаҳрида жойлашган «Дўстлик» канали бўйидаги Ёшлар майдончасида ёрқин ва кўтаринки руҳдаги гала-концерт ҳамда дискотека бўлиб ўтди. Тадбир «Давлат хавфсизлик хизмати кубоги» доирасида ўтказилган мусобақаларнинг тантанали тақдирлаш маросимига бағишланди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Орынбаев иштирок этиб, ғолиб жамоаларни самимий табриклади. У ўз нутқида Президентимиз томонидан ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, спорт ва маданият соҳаларидаги кенг ислоҳотлар, давлат органлари билан аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасидаги мулоқот мустаҳкамланаётгани ҳақида таъкидлаб ўтди.
– Бундай тадбирлар орқали биз ёшларни ватанпарварликка, жисмоний ва маънавий етукликка ундаймиз. Бу, албатта, Президентимизнинг ёшларга оид сиёсати самараси, – деди Аманбай Орынбаев.
Мусобақа натижаларига кўра ғолиб ва фаол иштирокчиларга дипломлар ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди. Улар орасидан айрим жамоалар алоҳида номинациялар бўйича ҳам эътироф этилди.
Кеча якунида ташкил этилган дискотекада ёшлар рақс тушиб, мазмунли дам олишди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги