Сўнгги олти ойда 5 миллиард сўмлик дори воситалари электрон рецепт асосида берилди

Дунёда аҳоли сони ошиши баробарида тиббий хизматларга эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда. Кўплаб хорижий давлатларда аҳоли саломатлигини сақлаш ва тиббий хизматлардан фойдаланишни таъминлаш мақсадида тиббий суғурта тизими жорий этилган.
Мамлакатимизда ҳам тиббий суғурта тизимига ўтиш ишлари давом этмоқда. 2021 йили Сирдарё вилоятида тажриба-синов сифатида бошланган ушбу тизимни босқичма-босқич 2026 йилнинг якунига қадар мамлакатимиз бўйлаб жорий этиш режалаштирилган. Давлат тиббий суғуртаси тизими доирасида беморларга электрон рецепт асосида дори воситалари кафолатланган пакет доирасида бепул берилади.
Бугунги кунда артериал гипертония, юрак ишемик касаллиги, қандли диабетнинг 2-тури, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив касалликларини амбулатор шароитда даволаш учун 27 турдаги дори воситалари электрон рецепт асосида берилмоқда.
“Дори-дармон” акциядорлик компанияси ахборот хизмати раҳбари Кумуш Пардаеванинг маълум қилишича, Компаниямиз ва унинг тизимидаги жамиятларнинг реимбурсация дастурига уланган дорихона ва дорихона шохобчалари орқали жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида 5 млрд. сўмлик дори воситалари электрон рецепт орқали беморларга бепул берилди.
– Реимбурсация (reimbursement) инглиз тилидан олинган бўлиб, “харажатларни қоплаш” маъносини англатади. Яъни, реимбурсация дастурида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида сурункали касалликларни амбулатор шароитда даволаш учун қабул қилинадиган дори воситалари учун дорихона харажатларини Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси қоплайди, – дейди К.Пардаева. – Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, Хоразм, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларидаги Компаниямиз ва унинг тизимидаги жамиятларга қарашли 399 та дорихона ва дорихона шохобчаларида реимбурсация дастури орқали электрон рецепт асосида беморларга дори воситалари берилмоқда.
Соғлиқни сақлаш соҳасида дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, давлат кафолатига асосланган тиббий суғурта тизими аҳолини узлуксиз ва сифатли тиббий хизматлар билан таъминлашда энг самарали йўл ҳисобланади. Германия, Франция, Жанубий Корея каби мамлакатлар бу орқали ўз фуқароларининг ҳаёти ва саломатлигини кафолатли муҳофаза қилиб келмоқда.
Ўзбекистонда ҳам ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар самара бераётганини кузатиш мумкин. Жорий йилнинг ярим йилида биргина «Дори-дармон» АК томонидан 5 миллиард сўмлик дори воситаларининг электрон рецепт орқали беморларга бепул етказилгани фикримизни тасдиқлайди. Бу – нафақат давлат ёрдамининг реал ифодаси, балки инсон қадрини эъзозлашга қаратилган муҳим қадамдир.
М.Қосимова, ЎзА