Мактаблар замонавий компьютер жамланмалари билан таъминланмоқда

196

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 апрелдаги «Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман (шаҳар) ларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида»ги қарори асосида, республикамиз бўйича Қўнғирот ва Чимбой туманлари танлаб олиниб, ушбу ҳуқуқий ҳужжат бўйича ҳудудларда кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Президент қарорида ўсиб келаётган ёш авлоднинг, жумладан, ўқувчи-ёшларнинг компьютер бўйича саводхонлигини ошириш, ахборот технологияларини чуқур ўзлаштиришига кўмаклашиш ҳам муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланган.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида, жорий йилнинг ўзида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг 35 та умумтаълим мактабига 595 дона замонавий компьютер тўпламлари етказиб берилмоқда.

Куни кеча шундай замонавий компьютер тўпламлари Қўнғирот туманидаги 31, 35, 40, 43, 47 ва 53-сонли умумий ўрта таълим мактабларига етказиб берилиб, тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Г.Кўжабоева иштирок этиб, сўнгги йилларда Президентимиз томонидан таълим соҳасини ҳар томонлама ривожлантириш ва ёшларнинг замонавий таълим олишига қулай шароитлар яратиб бериш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади ва мактаб жамоаларини янги компьютер тўпламларини олгани билан самимий табриклади.

– Бугунги кунда таълим соҳасига қаратилаётган эътибор ҳар биримизни қувонтиради, – дейди Қўнғирот тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 43-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори Дилбар Алланиязова. Бунинг учун аввало муҳтарам Президентимизга ва вазирлик раҳбарларига чуқур миннатдорлик билдирамиз. Келгусида ўзимизга билдирилган ишончни тўла оқлаб, ўқувчиларнинг билим кўникмаларини ошириш учун фидокорона хизмат қилаверамиз.

Дарҳақиқат, ҳудудларда бўлаётган бундай ижобий ўзгаришлар мактабларда замонавий ахборот технологияларини ўқитиш сифатини ошириш, ўқувчиларнинг рақамли кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.