Тадбиркор аёлларнинг фаоллиги оширилмоқда

Беруний туманида фаолият юритаётган тадбиркор хотин-қизлар иштирокида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Беруний тумани Кенгаши,Савдо-саноат палатаси бошқармаси ҳамда туман Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамкорлигида“Ишбилармон аёл – 2025” кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди. Унда Беруний туманида фаолият олиб бораётган тадбиркор хотин-қизлар иштирок этди.
Тадбирда ҳайъат аъзолари иштирокчиларнинг фаолиятини баҳолашда лойиҳа Низомига мувофиқ, хотин-қизлар учун қўшимча янги иш ўрни яратганлиги, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни касб бўйича ўқитган, бандлигини таъминлаган ва ўз ўрнини топиб кетишида кўмаклашганлиги, фаолият туридан келиб чиқиб экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, аҳолига кўрсатаётган хизматининг сифати ҳамда фаолиятида ҳаётга татбиқ этиб келаётган янги инновацион ғояларига алоҳида эътибор қаратди.

Танловда “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинидан иштирок этган тадбиркор аёл Наргиза Курбаниязова кўптармоқли тадбиркорлик йўналишлари билан шуғулланади. Унинг иссиқхонасида етиштирилган турли хил озиқ-овқат маҳсулотлари билан қишин-ёзин аҳолини эҳтиёжларини қондириб келмоқда. Эрта баҳордан етиштирилган турли хил кўчатлар тадбиркорга мўмай даромад келтиради. Н. Курбаниязова танловнинг туман босқичи ғолиби бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Мазкур кўрик-танловни ўтказишдан асосий мақсад – мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, сиёсий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини аёллар ўртасида кенгроқ тарғиб қилиш, иқтисодиётимизни юксалтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган хотин-қизларимизни рағбатлантириш. Шу билан бирга, тадбир жараёнида ҳудудларда хотин-қизлар ўртасида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакат иқтисодиётида улар иштирокидаги хусусий сектор улуши ва аҳамиятини ошириш, жамиятда хотин-қизлар тадбиркорлигини янги босқичга олиб чиқиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, касбий маҳорат ва билим даражасини юксалтириш учун зарурий шарт-шароит яратишдан иборат.

Кўрик-танлов якунида тадбирда иштирок этган барча тадбиркор хотин-қизлар ЎзЛиДеП Беруний туман Кенгашининг диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.



Қорақалпоғистон ахборот агентлиги