Амударёда тоза ичимлик суви таъминоти яхшиланмоқда

Ҳурматли Президентимиз қарорига асосан, Амударё тумани аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражасини янада ошириш мақсадида йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бу борада «Осиё тараққиёт банки» кредит маблағлари ҳисобидан жами 42 миллион АҚШ доллари миқдоридаги икки йирик лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирда бу лойиҳалар доирасида қурилиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.
Хусусан, 29 миллион АҚШ доллари маблағ эвазига олиб борилаётган қурилиш ишлари натижасида 68,5 километр магистраль ва 289,2 километр ички ичимлик суви тармоқлари тортилади. Бу эса туманда яшовчи 79 мингга яқин аҳоли учун тоза ичимлик суви таъминотини яхшилашга хизмат қилади.
Иккинчи йирик лойиҳа доирасида эса суткасига 40 минг куб метр тоза сув етказиб бериш қувватига эга бўлган замонавий «Манғит» сув тозалаш иншоотини янгидан қуриш белгиланган.
Мазкур ислоҳотлар аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш, соғлом турмуш тарзини таъминлаш ва экология хавфсизлигини кафолатлашда муҳим аҳамият касб этади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги