Бестобелик 8 фуқаронинг бандлиги таъминланди

30 июль – Халқаро одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси томонидан июль ойи «Биз одам савдосига қаршимиз!» ҳуқуқий тарғибот ойлиги деб эълон қилинган эди.
Ушбу ойлик давомида партиямиз томонидан ҳудудларда бир қанча ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

– Партиямизнинг асосий мақсади – юртимизда бу иллатнинг олдини олиш, юртдошларимизнинг одам савдоси қурбонига айланиб қолмаслиги, ҳеч қачон қулликка рози бўлмаслиги, ўз ҳуқуқларини билиши, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва бу иллатга қарши барчани бирлаштиришдир, – дейди Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши матбуот котиби Абдираҳмон Қўйлибоев.-Ушбу тадбирларда ишсизликни қисқартириш, фуқароларнинг, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, меҳнат ярмаркаларини ташкил этиш белгилаб олинган.
Шу ойлик доирасида Нукус шаҳридаги олис ҳудудлардан бири бўлган Бестобе маҳалла фуқаролар йиғинида ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Ярмаркада Нукус шаҳар камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш маркази ходимлари, партия фаоллари ва ҳудуд аҳолиси иштирок этди.
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Н.Қайипбергенов ва бошқалар сўзга чиқиб, одам савдосига қарши курашиш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Ярмаркада Нукус шаҳрида жойлашган муассаса, ташкилот ва корхоналарда бўш турган иш ўринлари қўйилиб, ўтказилган тадбирда 8 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси