Элчи: Миср – Африка ва Яқин Шарқдаги асосий ҳамкоримиз

121

Қоҳирадаги элчимиз Мансурбек Қиличев Яқин Шарқ ахборот агентлиги (MENA)га берган махсус интервьюсида Миср Араб Республикаси Ўзбекистоннинг Африка ва Яқин Шарқдаги асосий ҳамкори эканини таъкидлади. Шунингдек, икки давлат етакчилари 2023 йил уч марта телефон орқали мулоқот қилгани, ўтган йил октябрь ойида Россиянинг Қозон шаҳрида ва жорий йил Москвада ҳам музокара ўтказганига урғу берди. Икки давлат ўртасидаги қўшма лойиҳаларни самарали амалга ошириш учун алоқани жадал давом эттириш, тадбиркорлар учун қулай шарт-шароит яратиш муҳимлиги, парламент ҳамкорлигини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракат доирасида “Ўзбекистон-Миср” ва “Миср-Ўзбекистон” депутатлик дўстлик гуруҳлари ташкил этилгани, 2024  йил 27 октябрь куни юртимизда бўлиб ўтган парламент сайловида Сенат раиси ўринбосари Фиби Фавзий бошчилигидаги Миср парламенти делегацияси халқаро кузатувчи сифатида иштирок этганини таъкидлади.

Дипломатимиз Миср Вакиллар палатаси спикери, маслаҳатчи Ҳанафий Ал-Жабалий жорий йил апрель ойида бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқ Бош Ассамблеяси 150-сессияси доирасида Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева билан учрашгани, Президент Шавкат Мирзиёев айни ташриф доирасида Ҳанафий Ал-Жабалийни қабул қилганига ҳам урғу берган.

Мансурбек Қиличев интервьюсида қайд этганидек, ўтган йил сентябрда Тошкент мезбонлик қилган Ўзбекистон ва Миср ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувнинг 11-давраси, март ойида Жидда шаҳрида республикамиз ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Миср ташқи ишлар вазири доктор Бадр Абдулаътий ўртасида ҳам музокара бўлиб ўтган.

Икки давлат ўртасидаги савдо айирбошлаш қиймати 2024 йил 46,1 миллион долларга етган, жорий йил биринчи беш ойида эса бу кўрсаткич 22,4 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистоннинг Мисрга экспорти 11,2 миллион доллар. Жумладан, сайёҳлик хизмати, тўқимачилик, электр жиҳозлари, мис ва чорвачилик маҳсулотлари савдосида сезиларли ўсишга эришилган.

Ўзаро товар айирбошлаш, айниқса, Миср цитрус мевалари ва фармацевтика маҳсулотларини кўпайтириш учун салмоқли салоҳият мавжуд. Айни пайт Миср портларида Ўзбекистон товарлари учун омборлар очиш истиқболи ўрганиляпти. Бундан ташқари Искандария ва Порт Саиддаги эркин иқтисодий зоналарда саноат кооперацияси ва қўшма ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.

Ўтган йил декабрь ойида Тошкентда Ўзбекистон-Миср қўшма ҳукумат комиссияси еттинчи мажлисида томонлар тўрт меморандум ва келишув имзолаган. Шунингдек, имтиёзли савдо тўғрисидаги қўшма ҳукумат битими лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни ҳам бошланган. Бу қадамлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатнинг фақат бир қисми.

Дипломат жорий йил Миср компаниялари юртимизда ўтказилиши режалаштирилган кўргазмаларда иштирок этишдан, ҳар икки мамлакат кичик ва ўрта корхоналар ҳамкорлигини йўлга қўйиш мақсадида рақамли савдо майдончалари ташкил этишдан манфаатдорлигини алоҳида таъкидлади. Тошкент Мисрнинг қишлоқ хўжалиги, электроника, фармацевтика ва туризм каби соҳалардаги тажрибаси ва замонавий технологияларини юксак қадрлаши, бу икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишига тўхталди.

Қўшма лойиҳаларга келсак, “Нил шакар компанияси” Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида қанд лавлаги ва шакар етиштириш билан боғлиқ тўлиқ туркум ташкил этиш бўйича камида 300 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши бошланган. Бу ташаббус қанд лавлаги етиштириш, 50 000 гектар лалми ерни ўзлаштириш, 100 гектар майдонда йиллик қуввати 200 000 тонналик шакар заводи қуришни ўз ичига олади.

Қўшимча қилинишича, “Orascom Investment” кончилик ва геология соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ниятида. Ўзбекистондаги салоҳиятли фойдали қазилма конлари, хусусан Навоий вилоятидаги “Шимолий Боканто” мис конида геологик қидирув ишлари аллақачон бошланган. Бундан ташқари “Bell Energy” компанияси Тошкент вилоятидаги сув насос станцияларини модернизация қилмоқда. “Al-Aseel” компанияси билан ҳамкорликда Наманган ва Жиззах вилоятларида асални қайта ишлаш корхонаси барпо этилади. Шунингдек, “Polyserve Group”, “EgyTriad”, “Mina Pharma” ва “EGSL” каби Мисрнинг етакчи компаниялари билан ҳам самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Туризм соҳасига тўхталган элчимиз 2024 йил Ўзбекистонга келган мисрлик сайёҳлар сони 2600 нафарга етганини таъкидлади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА