Ўзбекистон ва Покистон нефть-газ соҳасида ҳамкорлик истиқболини муҳокама қилди

94

Ўзбекистон ва Покистон нефть-газ соҳасидаги ҳамкорлигини чуқурлаштириш масаласи мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Тўхтаев ва Покистон Ислом Республикаси нефть ишлари бўйича федерал вазири Али Парвиз Малик ўртасида бўлиб ўтган музокаранинг асосий мавзусига айланди.

Учрашув чоғида томонлар энергетика йўналиши бўйича шерикликнинг жорий ҳолати ва истиқболини муҳокама қиларкан, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун улкан салоҳият мавжудлигини қайд этди. Мезбон вазир республикамизнинг нефть-газ соҳасидаги тажрибасини юқори баҳолаб, ушбу стратегик муҳим йўналишдаги ҳамкорлик кўламини кенгайтириш муҳимлигига урғу берди.

Углеводларни қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлаш салоҳиятини ўрганиш, бу борада аниқ ташаббусларни илгари суриш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан таклифлар тайёрлаш ва умумий саъй-ҳаракатни мувофиқлаштириш учун икки мамлакат тегишли идоралари вакилларидан иборат қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишилди.

Покистон суюлтирилган углеводород гази, сиқилган табиий газ ва қайта ишланган нефть маҳсулотлари импорти бўйича йирик мамлакат бўлиб қолиши, бу Ўзбекистон билан барқарор, узоқ муддатли кооперацияни йўлга қўйиш учун қулай шарт-шароит яратиши таъкидланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Покистон ҳудудида нефть ва газ конларини ўзлаштиришда фаол иштирок этиши, нефтни қайта ишлаш қувватини модернизация қилиш, геологик ахборот ва илғор технология алмашиш ҳамда малакали мутахассисларни биргаликда тайёрлаш лойиҳалари ҳам ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида  белгилаб олинди.

Азиза Алимова, ЎзА