Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг бешинчи сессияси тўғрисида ахборот

311

Жорий йил 12 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг бешинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, депутатлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев бошқариб борди.

Сессия «Қорақалпоғистон» телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирдан бериб борилди.

Сессиянинг кун тартибидаги дастлабки масала «Қорақалпоғистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси А.Атажанов маъруза қилди. Сессия кун тартибидаги дастлабки масала юзасидан қарор қабул қилинди.

Кун тартибидаги навбатдаги масала «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Жўқорғи Кенгеснинг Саноат, қурилиш, транспорт ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Ж.Бердиханов маъруза қилди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда энергия барқарорлигини таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш борасида дадил қадамлар қўйилиб, салмоқли натижаларга эришилмоқда. Бу борада улкан салоҳиятга эга бўлган Қорақалпоғистон учун электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича катта мақсадли режалар белгилаб олинган.

Бу натижаларга эришишда энг аввало, соҳанинг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш талаб этилиши ўта муҳим бўлиб, шу мақсадда «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси қонуни ишлаб чиқилди. Кун тартибидаги ушбу масала ҳам батафсил кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Кун тартибидаги кейинги масала онкологик касалликларни эрта босқичда аниқлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хорижий компанияларнинг дори воситаларини асоссиз буюртириш ҳолатларига чек қўйиш, соҳада бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига юборилган Парламент сўрови натижаси ҳақида бўлиб, ушбу масала бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги М.Қурбонов сўзга чиқди. Шундан сўнг кун тартибидаги масала батафсил кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан тегишли қарор қабул қилинди.

«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури асосида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги навбатдаги масала юзасидан Жўқорғи Кенгеси Бюджет, иқтисодий ислоҳотлар, инвестициялар ва инновация масалалари қўмитаси раиси Б.Сейтназаров маъруза қилди.

Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг кун тартибидаги  кейинги масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати, туризм ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Жўқорғи Кенгеснинг Ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати, туризм ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси раиси М.Атамуратовнинг ахбороти тингланди.

Бу масала батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон-2030» стратегияси тўғрисида»ги фармонининг Қорақалпоғистон Республикасида ижро этилиши бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ҳисоботи тўғрисида навбатдаги масала бўйича Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари – Инвестициялар, саноат ва савдо вазири В.Жоллибеков маъруза қилди.

Республикамизда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспортни қўллаб-қувватлаш, инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш орқали янги ишлаб чиқариш қувватларини ва халқимиз учун янги юқори даромадли иш ўринларини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг бошқа ҳудудларида жорий этилмаган имконият ва имтиёзлар яратиб берилди. Шу асосда 2025 йилнинг ўтган 6 ойи давомида бир қатор ижобий ишлар олиб борилиши натижасида юқори ютуқларга эришилди.

Шунингдек, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясига мувофиқ, 2030 йилга қадар хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш, экспорт прогноз кўрсаткичлари ҳамда йирик инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш кўрсаткичларини яхшилашда ҳар йили босқичма-босқич юқори натижаларга эришиш мақсадида режа ва вазифалар белгилаб олинганлиги таъкидланди.

Кун тартибидаги ушбу масала ҳам батафсил кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.

Кун тартибидаги кейинги масала аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга қамраб олиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Е.Қутибоев маъруза қилди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда юртимизда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга, аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шароитлар яратишга, шунингдек, жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, Президентимиз раислигида 2025 йил 13 февраль куни олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳолининг жисмоний фаоллигини оширишга бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар бу борадаги эзгу ишларни янги босқичга кўтармоқда.

Сессияда белгилаб олинган вазифалар, берилган топшириқлар асосида республикамизда қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб, бу борадаги ишлар янада давом эттирилаётганлиги таъкидланди. Кун тартибидаги навбатдаги масала кўриб чиқилиб, бу бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Кун тартибидаги навбатдаги масала қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан мақсадли фойдаланиш, сув исрофгарчилигини камайтириш ва сувни тежашга қаратилган чора-тадбирларнинг бажарилиш ҳолати ҳақида бўлиб, бу масала бўйича Сув хўжалиги вазири Б.Юсупов маъруза қилди.

Бу масала ҳам батафсил кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан қарор қабул қилинди.

Сессияда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни тан олиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан фақат Қорақалпоғистон учун 119-сонли махсус фармон қабул қилиниб, шу асосда, шаҳар ва туманлардаги жами 27 минг 590 та кадастр ҳужжати бўлмаган турар жойларга эгалик қилиш ҳуқуқи берилгани ҳамда кадастр паспортлари ишлаб чиқилиб, давлат рўйхатидан ўтказилганини таъкидлаш лозим.

Бу эзгу ишлар янада давом эттирилиб, «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни тан олиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг махсус Қонуни қабул қилинди.

Сессияда мазкур қонун ижрога олиниб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи тан олинаётган 266 нафар фуқаронинг рўйхати сессия қарори билан тасдиқланди.

Сессия мажлисида Жўқорғи Кенгес Президиумининг тегишли қарорлари тасдиқланди.

Шу билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг бешинчи сессияси ўз ишини якунлади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.