Хўжайлида янги иш ўринлари ва тадбиркорлик имкониятлари яратилмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев Хўжайли туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Дастлаб «Сайхунобод» тажрибаси асосида йўлга қўйилган лойиҳалар, хусусан, «Бағман» маҳалла фуқаролар йиғинида гулчилик билан шуғулланаётган Дауран Аметов, иссиқхона ва чорвачилик фаолиятини ривожлантираётган Жиенбай Сапарниязов, «Саманкөл»даги чорвачилик субъектлари, шу жумладан Зафар Өтемуратов ва «Шағалакөл»даги Қуўаниш Нуримбетовнинг томорқа хўжаликлари кўздан кечирилди. Ушбу тажрибаларнинг аҳамияти таъкидланиб, уларни кенг оммалаштириш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, Жаҳон банки томонидан ажратилган 135,6 минг долларлик грант асосида ташкил этилган ва қорамолларни сунъий кўпайтиришнинг замонавий усули – «Ин-витро» технологиясини жорий этган лаборатория фаолияти ўрганилди.
Тумандаги бир қатор тадбиркорлик субъектларининг иш жараёни ҳам ўрганилди. Жумладан:
«DOSTLAR SHOES XOJAYLI» МЧЖ — чарм пойабзал ишлаб чиқариш,
«INOSTAL» МЧЖ — темир маҳсулотлари ишлаб чиқариш,
«EXIMCORP» МЧЖ — қизилмия илдизини қайта ишлаш,
«FARMS GAFUR GULOM» МЧЖ — сутни қайта ишлаш,
«LIDERTEKS GROUP» МЧЖ ва «Уразимбетов Рахат» оилавий корхонаси — маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳалари билан танишилди.
Тадбиркорларга берилган имтиёзлардан фойдаланиш, улар фаолиятини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишда кўмаклашиш бўйича мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди.

Шунингдек, туман марказида янгидан барпо этилаётган «Ёшлар маркази»нинг имкониятлари ўрганилиб, ушбу маскан Хўжайли ёшлари учун билим ва кўникма майдонига айланиши кераклиги алоҳида таъкидланди.
Ташриф доирасида «Кулаб» маҳалласидаги Айша Маткаримованинг томорқаси ҳамда «Мустақиллик» маҳалласидаги Алпамис Курегеновга тегишли чорвачилик хўжалиги фаолияти ҳам ўрганилди. Бундай кичик бизнес ташаббусларини кўпайтириш, аҳолининг қўшимча даромад олиш имкониятларини янада кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Жўқорғи Кенгес Раиси томонидан туманда олиб борилаётган ишлар юзасидан масъулларга аниқ вазифа ва топшириқлар берилди. Ушбу ишлар аҳоли фаровонлигини ошириш, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги