Маҳаллага яқин янги мактаб қурилмоқда

123

Қўнғирот туманидаги Ҳаким ота маҳалласида янги мактаб биноси қад ростламоқда.

Президентимизнинг 2024 йил 26 декабрдаги «2025-2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида бу ерда уч қаватли, 330 ўринли умумтаълим мактаби учун янги бино қурилмоқда.

Маълумот учун, Ҳоким-ота маҳалласида жами 4012 нафар фуқаро яшайди, шундан мактаб ёшидаги ёшлар сони 687 нафарни ташкил этади. Бу ҳудудда шу кунгача мактаб йўқ эди. Бу эса ўқувчиларнинг олисдаги мактабларга қатнашига сабаб бўлаётган эди.

– Илгари ўқувчиларимиз катта асфальт йўлдан ўтиб узоқда жойлашган мактабларга бориб ўқирди. Мана, ҳозирги вақтда маҳалламиз аҳолисининг кўп вақтлардан буён кутган орзуси ушалмоқда, – дейди шу маҳалла турғуни Қ.Сайимбетов. – Президентимизнинг тегишли қарори билан энди бу ҳудудда ҳам янги мактаб биноси қад ростламоқда. Бундан маҳалла аҳлининг қувончи чексиз.

Айни пайтда мактабнинг биринчи қаватини қуриш ишлари якунланиб, бетон ишлари амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.