Бугунгача 25 километрдан зиёд сув тармоқлари тортилди

155

Аввал хабар қилинганидек, Мўйноқ туманида сўнгги йилларда бир қатор қурилиш-ободонлаштириш ишлари, жумладан, аҳолининг ичимлик суви билан таъминланишини яхшилаш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Бундай ишларнинг бориши, тезкор ва сифатли бажарилиши тегишли соҳа раҳбарлари, депутатлар томонидан назоратга олинган.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Б.Утамбетова тумандаги Қизилжар овул фуқаролар йиғинида ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди.

Президентимизнинг махсус қарорига асосан, Осиё тараққиёт банки иштирокида «Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида ичимлик суви таъминоти тизимларини ривожлантириш» лойиҳасининг амалга оширилиши белгиланган.

Бунинг учун 8,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратилган бўлиб, бугунги кунда «Archico» МЧЖ (Озарбайжон) компанияси томонидан Мўйноқ туманида ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Лойиҳа доирасида 5 та сув тақсимлаш иншооти, 128,1 километрлик сув тармоғини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган. Айни пайтда 25,2 километрлик сув тармоқлари тортилиб, қурилиш ишлари давом этмоқда. Режа тўлиқ бажарилиши натижасида туманнинг ичимлик суви билан таъминланиш даражаси яхшиланади.

Шу билан бирга, Мўйноқ тумани сув тармоғи корхонасининг янги биноси қурилиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.