Роботлар иштирок этган биринчи футбол мусобақаси бўлиб ўтди

Пекинда роботлар ўртасида илк бор футбол мусобақаси ташкил этилди, деб хабар берди “Правила жизни”. Турнирда сунъий интеллектга эга гуманоид роботлар қатнашди ва ўзини ҳақиқий спортчилардек тутди — улар хотиржамликни сақлаган ҳолда майдонда фаол ҳаракат қилди ва тўп учун кураш олиб борди.
Ўйин давомида айрим роботлар рақибларини йиқитди, бошқалари эса оёқда туришга қийналди. Кўплаб “ўйинчилар” мувозанатни сақлай олмай, охир-оқибат замбил ёрдамида майдондан олиб чиқилди. Ҳаракатлар секин кечган бўлса-да, мусобақа робототехника ва сунъий интеллект соҳасидаги сезиларли тараққиётни намойиш этди.
Мусобақада иштирок этган роботлар тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, ўйин давомида ҳеч қандай инсоний аралашувсиз — фақат ўз алгоритмлари асосида ҳаракат қилди. Мутахассислар фикрича, бу каби тадбирлар Хитойнинг сунъий интеллектга асосланган робототехника соҳасида етакчиликка интилаётганини кўрсатади. Бу йўналишда давлат томонидан берилаётган кучли қўллаб-қувватлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Тахминларга кўра, 2028 йилга келиб Хитойнинг робототехника бозор ҳажми 108 миллиард долларга етади. 2050 йилга бориб эса мамлакатда 302,3 миллион гуманоид робот фаолият юритиши мумкин.
Мазкур турнир 2025 йилда ўтказилиши режалаштирилган Жаҳон гуманоид роботлар ўйинларига тайёргарлик босқичи сифатида ўтказилди. Яқин келажакда эса инсонлар ва роботлар ўртасида футбол ўйинлари ташкил этилиши ҳам кутилмоқда.
Мадинабону Насриева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА