«Асов дарё»га понтон кўприк қурилди

163

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2019 йил 4 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг махсус қарори асосида Бўзатов тумани ташкил этилган эди.

Ўтган давр мобайнида кўп қаватли уйлар, савдо мажмуалари, минг ўринли амфитеатр, замонавий стадион, Ёшлар маркази ва бошқа объектлар фойдаланишга топширилиб, аҳоли турмуш шароити яхшиланди.

Кегейли туманидан Бўзатовга олиб борувчи гузар йўллар асфалтланиб, туман ҳудудидаги ички йўллар қайта таъмирланди.

Бироқ, туманнинг нариги томонида жойлашган Қўнғирот ва Мўйноқ туманларига борувчи Амударёда кўприк бўлмагани сабабли, Бўзатов берк ҳудудга айланиб қолган эди. Бу эса, ҳудуд аҳолиси билан бирга, тадбиркорларга ҳам анча қийинчиликлар туғдирди.

Шунинг учун жорий йилда ҳурматли Президентимизнинг топшириғи ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўллаб-қувватлаши билан Бўзатов тумани ва республикамизнинг шимоли-шарқий ҳудудларини бевосита Қўнғирот тумани билан билан боғловчи понтон кўприкни ўрнатиш бўйича ишлар бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Бўзатов тумани ҳокимлигининг олиб борган амалий ишлари натижасида, Аспантай овул фуқаролар йиғинига қарашли Порлитов аҳоли пункти ёнидан оқиб ўтувчи Амударёга понтон кўприги қурилиб, фойдаланишга топширилди.

– Илгари халқимиз Қўнғирот ва Мўйноқ туманига борса, жуда қийналарди, – дейди Аспантой овул фуқаролар йиғини оқсоқоли Анвар Тўрабоев. Бунинг учун муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев ва республикамиз раҳбариятига катта раҳмат айтамиз.

Дарҳақиқат, халқимизда йўл солиш, кўприк қуриш жуда савобли иш ҳисобланган. Шунинг учун шундай савобли ишни амалга оширган инсонларга қанча раҳмат айтсанг арзийди. Айниқса, халқимиз томонидан «Асов дарё,» «Ўгиз дарё,» «Жайҳун дарё» деб аталадиган Амударёга понтон кўприк қурилиши бизни чексиз қувончга тўлдиради. Бундай бунёдкорлик ишлари туман ҳудудида ҳамон давом этмоқда.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.