ҚДУда диплом топшириш тантанаси бўлиб ўтди

69

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида диплом топшириш кечаси тантанали равишда нишонланди. Университетни муваффақиятли якунлаган битирувчиларга дипломлар топширилди ва улар учун ўзига хос байрам муҳити яратилди.

Ушбу йилда Қорақалпоқ давлат университетини 6000 дан ортиқ бакалавр ва 300 га яқин магистрант битирмоқда. Бу рақамлар университетнинг таълим сифатини ва кенг қамровли салоҳиятини яна бир бор намоён этади.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмитаси раиси Ш. Ўтемисов, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, фахрий меҳмонлар, битирувчилар ва уларнинг яқинлари иштирок этди.

Тантанани университет ректори, академик А. Реймов очиб берди. У битирувчиларни ҳаётдаги янги босқич билан қутлар экан, шундай деди:

— Бугун сизлар ҚДУдаги билим ва изланишларга бой йилларни муваффақиятли якунлаб, янги имкониятлар эшигини очмоқдасиз. Бу йўлда устозларингиз сингдирган меҳнат, сизда шаклланган билим ва кўникмалар келажакда, албатта, ўз самарасини беради.

Шунингдек, Ш. Ўтемисов ҳам сўзга чиқиб, битирувчилар ва уларнинг ота-оналарини самимий табриклади. У фарзандларининг бугунги муваффақиятларида ота-оналарнинг ҳиссаси беқиёс эканини алоҳида таъкидлади.

Тадбир давомида ўз фанлари бўйича энг юқори натижаларга эришган фаол битирувчилар фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тантананинг якуний қисмида талабалар томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар, қўшиқлар ва саҳна кўринишлари намойиш этилди. Байрамона кайфиятда ўтган кеча ҳар бир иштирокчида унутилмас таассурот қолдирди.

 

Азизбек Дабылов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси