Эски боғча ўрнида янги иншоот барпо этилмоқда

203

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 454-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Беруний туманидаги Бунёдкор маҳалласи ҳудудида жойлашган 14-сонли мактабгача таълим муассасасининг эски биноси бутунлай бузилиб, унинг ўрнида янги, замонавий ва барча талабларга жавоб берадиган болалар боғчаси қуриш ишлари бошланди. Ушбу қурилиш лойиҳаси учун жами 3 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, янгидан қурилаётган боғча 120 нафар бола учун мўлжалланган.

Лойиҳа жадвалига мувофиқ, қурилиш ишлари жорий йилнинг сентябрь ойига қадар якунланиб, янги иншоот фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Мазкур замонавий таълим маскани болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши, уларда билим ва кўникмаларни шакллантириш, шунингдек, уларнинг боғчага бўлган муҳаббати ва қизиқишини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

– Эски болалар боғчаси иморатини бузиб, 2 қаватли замонавий боғчамизни 20-август санасига топширишни режаластирганмиз. Ҳозирги пайтта 40 нафарга яқин ишчи қурилиш ишлари билан шуғулланмоқда, – дейди туман ҳокими ўринбосари Қ.Кошанов.

Янги боғчанинг фаолият бошлаши билан маҳалладаги кўплаб болалар сифатли таълим-тарбия олиш имкониятига эга бўладилар. Бу эса нафақат болалар, балки жамиятнинг келажаги учун ҳам катта ютуқ ҳисобланади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги