2 июл – «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган кун

65

Герб — ҳар бир давлатнинг рамзи, халқнинг тимсолидир.  «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонун 1992-йил 2-июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 10-сессиясида қабул қилинган.

Давлат герби думалоқ кўринишга эга бўлиб, шаклнинг сўл томони ризқ-рўзимиз тимсоли — буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса ўзбекнинг донғини дунёга таратган бебаҳо бойлигимиз — чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган. Узоқдаги тоғлар ва дарёлар манзарасида гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради.

Гербнинг юқори қисмида эса Ўзбекистон озодлигининг рамзи сифатида саккизбурчак юлдуз, унинг ички қисмида яримой ва юлдуз маъноси мамлакат аҳолисининг кўп қисми ислом динига эътиқод қилиши, марказида — бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган.

Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғини ифода этувчи чамбар тасмасига «Ўзбекистон» деб ёзиб қўйилган.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги