Оқчакўл соҳили – янги туризм марказига айланади

Элликқалъа туманида туризм салоҳиятини ривожлантириш ва аҳоли бандлигини ошириш мақсадида муҳим лойиҳа амалга оширилмоқда. Хусусан, мазкур туманда жойлашган Оқчакўл кўли бўйида «Зарбдор» тажрибаси асосида замонавий туризм-рекреацион зона барпо этилади.
Ташаббус доирасида умумий қиймати 73,4 миллиард сўмни ташкил этувчи лойиҳа асосида кўл атрофида тўлиқ инфратузилма яратилади. Унга мувофиқ, 3 та меҳмонхона, 18 та меҳмон уйи, 20 та миллий услубдаги ўтов, 2 та ресторан ва қатор хизмат кўрсатиш объектлари қурилиши режалаштирилган.
Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгандан сўнг, ҳудудда 75 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Бу эса нафақат маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлайди, балки туризм соҳасидаги хизматлар сифатини ҳам оширишга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, бу каби лойиҳалар Қорақалпоғистоннинг сайёҳлик салоҳиятини янада юксалтириш, ҳудуддаги экотуризм ва миллий анъаналарга бой дам олиш масканларини ривожлантиришга муҳим туртки бўлади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги