Ёшлар учун ҳақийқий байрам руҳи яратилди

30 июнь куни, Нукус шаҳридаги «Дўстлик» канали бўйида жойлашган Ёшлар майдончасида ёшлар учун унутилмас байрам тадбири – гала-концерт дастури бўлиб ўтди. Тадбир «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида ташкил этилди.

Тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев иштирок этиб, байрамга тўпланган ёшларни ҳамда барча фаол иштирокчиларни қутлуғ айём – «Ёшлар куни» муносабати билан самимий табриклади. У ўз нутқида ёшларга давлатимиз томонидан яратилаётган кенг имкониятлар, таълим, тадбиркорлик, фан ва маданият соҳаларидаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Шу билан бирга, ёшларни Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшишга, фаол ва ташаббускор бўлишга чақирди.

Гала-концерт давомида Қорақалпоғистоннинг севимли эстрада юлдузлари, таниқли хонандалар ва ижодкорлар саҳнага чиқиб, томошабинларга кўтаринки кайфият улашишди. Тадбирнинг энг қизиқарли жиҳатларидан бири бу – DJ-шоу бўлди. Замонавий мусиқа ва ёруғлик эффектлари билан бойитилган томоша ёшлар учун ҳақиқий байрам атмосферасини яратиб берди.
Мазкур гала-концерт ёшлар учун фақатгина байрам эмас, балки уларни бир мақсад йўлида бирлаштирувчи, фаоллик ва ташаббускорликка илҳомлантирувчи муҳим ижтимоий майдонга айланди. Тадбир давомида ватанпарварлик руҳи, ҳамжиҳатлик ва ижодий муҳит ҳукм сурди. Қатнашчилар ва меҳмонлар бугунги ёшлар – Янги Ўзбекистоннинг эртанги куни, унинг барқарор тараққиёти ва юксак салоҳиятининг асосий таянчи эканини яна бир бор чуқур ҳис этдилар.
Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси
Муаллифнинг туширган расмлари