Хитойда олимлар чивин ўлчамидаги мини-дрон ишлаб чиқишди

Хитой олимлари разведка ва махфий ҳарбий миссиялар учун чивин ўлчамидаги мини-дрон ишлаб чиқишди.
Бу ҳақда Соутҳ Чина Морнинг Пост нашри хабар берди. Мазкур инновацион қурилма Хунан провинциясида жойлашган Миллий мудофаа технологиялари университетининг (НУДТ) робототехника лабораторияси томонидан яратилган.
Мини-дрон ахборот тўплаш, жанговар майдонда махсус топшириқларни бажара олиш ва яширин кузатув учун мўлжалланган. Қурилма соч толасидек ингичка учта оёққа эга бўлиб, улар ёрдамида ҳар қандай сатҳга қўна олади. Кичик ўлчами ва деярли сезилмас парвози сабабли, бу дронлар жосуслик, шаҳар ичидаги жанглар, қидирув-қутқарув ишлари ёки электрон кузатувда катта аҳамият касб этиши мумкин.
Қурилма мобил телефон орқали масофадан бошқарилиши мумкин бўлади. Ҳозирча бу дроннинг аниқ техник тавсифлари эълон қилинмаган бўлса-да, дастлабки баҳолашларга кўра, у манёврчанлик ва махфийлик бўйича дунёдаги энг кичик серияли ҳарбий дрон — Норвегиянинг ПД-100 Блаcк Ҳорнет моделидан устун бўлиши мумкин.
Маълумот учун, ПД-100 Блаcк Ҳорнет дрони 100 миллиметр узунликка, 18 грамм оғирликка эга бўлиб, 5 м/с тезликда учиш, 1 километргача бўлган масофада ишлаш ва ҳавода 25 дақиқагача туриш қобилиятига эга.
Хитойнинг янги ишланмаси бу соҳадаги рақобатни янада кучайтириши кутилмоқда. Ҳарбий технологиялар соҳасида бундай ёндашувлар яқин келажакда разведка ва жанговар амалиётларда инқилобий ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин.
Мадинабону Насриева, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА