Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига

Қадрли дўстлар!
Аввало, сизларни 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан самимий табриклаймиз.
Жамиятимизда демократик қадриятларни қарор топтириш, фуқароларимизнинг ахборот соҳасидаги конституцион ҳуқуқларини таъминлаш, дунёда ва мамлакатимизда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва ҳаққоний маълумотларни етказишда сиз, оммавий ахборот воситалари ходимларининг фидокорона меҳнатингизни халқимиз яхши билади ва қадрлайди.
Сизларнинг меҳнатларингиз туфайли мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари халқимиз ҳаётига яқин бўлиб, юртимизнинг янги демократик қиёфасини шакллантиришда ғоят муҳим ўрин тутмоқда.
Биз жамиятимизда очиқлик ва ошкораликни таъминлашда, ҳаёт ва касб тажрибангизни ёшларга ўргатиб, замонавий фикрлайдиган, Ватан ва халқимиз манфаатини муқаддас деб биладиган соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда сизларнинг меҳнатингизга таянамиз.
Сизларни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, машаққатли меҳнатингизда доимо муваффақиятлар тилаймиз.
Аманбай Орынбаев
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси