Ёшлар билан очиқ мулоқотлар давом этмоқда

Юртимизда ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани барча соҳаларда ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев ташаббуси билан ҳудудларда ёшлар билан бевосита мулоқотлар ўтказилмоқда.
Навбатдаги учрашувлар Тахтакўпир, Қораўзак, Чимбой, Кегейли, Бўзатов, Тахиатош ва Нукус туманларидаги ёшлар иштирокида ташкил этилди. Ушбу учрашувлар давомида ёшларнинг фикр ва таклифлари, орзу-истаклари ҳамда дуч келаётган муаммолари бевосита тингланиб, самарали мулоқот муҳити яратилди.

Учрашувлар дастлаб бўш иш ўринлари ярмаркаси билан бошланди. Унда ёшларга турли ташкилот ва корхоналардаги мавжуд иш ўринлари таклиф этилди. Шундан сўнг IT соҳаси, грант ва донорлар билан ишлаш ҳамда банк-молия тизимига оид йўналишларда махсус семинарлар ташкил этилди. Тадбирларда мутахассислар томонидан ёшларга тадбиркорликни йўлга қўйиш, молиявий имкониятлардан фойдаланиш ҳамда халқаро лойиҳаларга қўшилиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Жўқорғи Кенгес Раиси учрашувлар давомида мамлакатимиз Президенти томонидан ёшлар учун яратилаётган шарт-шароитлар, берилаётган имкониятлар ва қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Айниқса, бундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз салоҳиятини намоён этаётган, тенгдошлари учун намуна бўлаётган ёшлар сони ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Мулоқотлар давомида ёшлар томонидан қатор долзарб масалалар ва янги ташаббуслар илгари сурилди. Барча таклифлар Жўқорғи Кенгес Раиси томонидан ёзма тарзда қайд этилиб, тегишли масъулларга аниқ вазифалар юклатилди. Айрим таклифлар жойида ҳал этилиб, бошқалари бўйича тез фурсатда амалий чоралар кўрилиши белгиланди.
Бундан сўнг бир гуруҳ ёшлар фаоллиги ва тенгдошлари орасида алоҳида ютуқларга эришиб, кўпчиликка намуна бўлаётгани учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори билан тақдирланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги