Тўрткўлда янги корхона ишга тушди

65

Тўрткўл туманида маҳаллий иқтисодиётни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида навбатдаги йирик саноат лойиҳаси амалга оширилди. «Заводхоз Агро» МЧЖ томонидан хорижий, аниқроғи, 1,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги Хитой давлатидан жалб этилган инвестициялар асосида полиэтилен тўр ишлаб чиқариш корхонаси барпо этилди ва расман иш бошлади.

Корхона замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, ускуналар тўлиқ Хитой давлатидан олиб келинган. Бугунги кунда корхонада юқори сифатли маҳсулотлар тайёрланмоқда ва ички бозорда талаб юқори бўлган полимер тўрлар оммавий равишда ишлаб чиқарилмоқда.

Энг муҳими, лойиҳа доирасида 69 нафар маҳаллий фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлиб, ўз даромад манбаига эришди. Бу эса нафақат фуқароларнинг ижтимоий барқарорлигини таъминлаш, балки ҳудуд иқтисодиётини жонлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ушбу лойиҳа Тўрткўл туманидаги саноат салоҳиятини ошириш билан бирга, хорижий инвестициялар учун жозибадор муҳит яратилаётганини ҳам яққол тасдиқлайди.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги