Нукусда битирувчи ёшларга олтин ва кумуш медаллар топширилди

71

Қорақалпоғистон санъат саройида муҳим ва тантанали воқеа — Республика умумтаълим мактаблари битирувчиларига олтин ва кумуш медаллар топшириш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев иштирок этиб, юртимиз ифтихори бўлган битирувчи ёшларни эришган ютуқлари билан самимий табриклади.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда илму маърифатга интилаётган, ҳар томонлама етук, соғлом ва маънан бақувват авлодни тарбиялаш — давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Хусусан, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш ва муносиб рағбатлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Бугунги медаллар — фақатгина таълимдаги муваффақият рамзи эмас, балки шижоат, меҳнатсеварлик ва интизом намунаси сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Улар орасидан келажакда фан, санъат, спорт ва бошқа йўналишларда улкан ютуқларга эришадиган, Ватанимиз шарафини халқаро майдонда юксалтирувчи ёшлар етишиб чиқишига ишонч билдирилди.

Тадбирнинг энг тантанали қисмида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси томонидан битирувчиларга олтин ва кумуш медаллар топширилди. Бу эса ёшлар ва уларнинг ота-оналари учун унутилмас фахр ва шодлик завқини бахш этди.

Маросим якунида санъат ва маданият усталари иштирокида концерт дастури намойиш этилди. Қувонч ва шукроналик туйғуларига тўла бу каби тадбирлар ёшларимиз қалбида Ватанга муҳаббат ва масъулият туйғусини янада мустаҳкамлаши шубҳасиз.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги