Чимбой туманида «Кундузги парвариш» хизмати йўлга қўйилди

53

Мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига манзилли ёрдам кўрсатиш ва ногиронлиги бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида жорий йилда тажриба-синов тариқасида янги лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Шу қарорга асосан, Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан Чимбой туманида жойлашган «Chimbay city baby» мактабгача таълим ташкилотида «Кундузги парвариш» хизмати ташкил этилди.

Ушбу янги хизмат доирасида Психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосаси асосида ногиронлиги бўлган 9 нафар бола қамраб олинди. Улар кундузги вақтда махсус тайёрланган муҳитда тарбияланиб, мослаштирилган таълим, тиббий ва психологик ёрдам, реабилитация хизматлари билан таъминланади.

Ташкил этилган «Кундузги парвариш» хизмати «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга ошириш доирасида оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзолари учун ишлаш имконини кенгайтириш, болаларга зарур парваришни таъминлаш ва уларни оила муҳитида сақлашни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий қилинган.

Айтиш жоизки, мазкур хизмат яқин кунлар ичида Нукус шаҳрида ҳам йўлга қўйилган эди. Энди эса унинг географияси кенгайиб, Чимбой туманида ҳам фаолият бошлади.

Бу каби ташаббуслар юртдошларимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлигини ошириш ва келажак авлод учун тенг имкониятлар яратишга хизмат қилади.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги