Нукусда замонавий 5 юлдузли меҳмонхона ва конгресс-холл мажмуаси қурилиши бошланди

Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган муҳим қадамлар изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик фаровонлигини таъминлашга оид қабул қилган фармони асосида Нукус шаҳрида йирик лойиҳага старт берилди.
Мазкур лойиҳа доирасида Нукус марказида умумий 78 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция маблағлари ҳисобига замонавий меъморий талабларга жавоб берадиган беш юлдузли меҳмонхона ва конгресс-холл мажмуаси барпо этилмоқда. Шу билан бирга, 22 қаватли икки турар жой биноси ва кўп тармоқли савдо мажмуасини қуриш ҳам кўзда тутилган.
Бугунги кунда мазкур мажмуалар қурилиши амалда бошлаб юборилган бўлиб, лойиҳа нафақат шаҳар инфратузилмасини тубдан янгилаш, балки туристик салоҳиятни ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий бизнес субъектларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Ушбу лойиҳа Қорақалпоғистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида янги даврни бошлаб беради, десак муболаға бўлмайди. Нукус шаҳарининг замонавий қиёфаси, хизмат кўрсатиш соҳаси сифати ва инвестицион жозибадорлиги янада ошади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги