«Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» — Нукусда ёшлар ойлигига старт берилди

Нукус шаҳри марказида жойлашган «Мустақиллик» майдонида «Ёшлар ойлиги» доирасида «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» ғояси асосида ёшлар фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев сўзга чиқиб, ёшларни байрам билан табриклади. У ўз нутқида ёшларга қаратилган эътибор, имконият ва имтиёзлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Тантанали маросимнинг асосий қисмларидан бири — фаол ва фидойи ёшларни тақдирлаш бўлди. Жамиятда фаол иштирок этиб, турли йўналишларда юқори ютуқларга эришган бир гуруҳ ёшлар раҳбатлантирилди. Хусусан, Ларина Зарина, Алишер Акимов, Назокат Калназарова, Асемай Уракова ва Ғайратдин Сейтеков каби ташаббускор ва илғор ёшларга қимматбахо совғалар топширилди.
Фестивал доирасида ўзбек ва қорақалпоқ эстрада юлдузлари иштирокида ёрқин шоу-концерт ташкил этилди. Дастур давомида Президент ташаббуси билан амалга оширилаётган «Mutolaa», «Ibrat farzandlari», «UstozAI», «UzChess» каби йирик ёшлар лойиҳалари ҳақида видеороликлар намойиш қилинди.

Бундан ташқари, турли йўналишларда фаоллик кўрсатган ёшлар яна бир бор саҳнага чиқарилиб, махсус мукофотлар билан тақдирланди. Тадбир сўнгида ёшлар учун таъсирли салютлар шоуси уюштирилди.
Айни пайтда юртимизнинг турли ҳудудларида ёшлар ойлиги доирасида билим ва салоҳиятни оширишга қаратилган танловлар, илмий-амалий семинарлар, учрашувлар, фойдали лойиҳалар тақдимотлари ва маданий-маърифий тадбирлар давом этмоқда.

Ёшлар ойлиги — бу фақат байрам эмас, балки илҳом, мотивация ва келажакка ишонч ойидир. Нукусдаги фестивал эса бунинг ёрқин исботидир.
Тадбирда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Садуллаев иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси
Муаллифнинг туширган расмлари