Жорий ўқув йили якунланиши арафасида Президентимиз раислигида ўтказилган мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ёшларнинг ёзги таътил даврида бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш учун театр, маданият марказлари ва концерт заллари, спорт майдончалари, дам олиш масканлари ва туризм объектлари имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланиб, мактабларда кундузги дам олиш масканлари, спорт, фан ва касб-ҳунар тўгараклари ташкил этилиши белгиланган эди.
Бугун Беруний туманидаги 63-сонли умумий ўрта таълим мактабида «Долзарб 90 кунлик» доирасида тўгаракларда иштирок этаётган ўқувчилар билан тадбирлар ташкил этилди.
Тадбирда туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи А.Қурбониёзов иштирок этиб, болаларга ёзги таътил кунларини мазмунли ўтказиш ва самарали ташкил этишда ушбу тўгаракларнинг аҳамияти юқори эканлигини таъкидлади.
Ота-оналарнинг иш вақтида фарзандларининг ёзги таътил вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида олиб борилаётган ушбу ишлар доирасида миллий рақс, ёш ошпаз, ментал арифметика, шахмат, волейбол, футбол, ёш рассомлар ва ёш китобхонлар тўгарагига ўқувчилар қамраб олинди.
«Долзарб 90 кунлик» тадбирлари самарали давом этмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги