Жаҳон чемпионати — энди орзу эмас, реал воқелик!

72

Нукус шаҳри марказида жойлашган катта экранда ўтказилган жонли эфир орқали минглаб мухлислар 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасидаги Ўзбекистон — Қатар учрашувини биргаликда томоша қилдилар. Бу нафақат футбол учрашуви, балки бутун мамлакат учун ҳақиқий байрам, тарихий кун бўлди.

Ўзбекистон терма жамоаси Қатар устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашув Тошкент шаҳридаги «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтди ва бу ерда 33 мингдан ортиқ мухлис тўпланди. Ушбу ўйин нафақат стадионни, балки юртимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларини бирлаштирди. Нукусда, Андижонда, Самарқандда, Фарғонада, ҳамма жойда катта экранлар орқали ушбу ўйин томоша қилинди.

Учинчи дақиқадаёқ стадионда ҳайрат ва умид ҳислари ҳукм сура бошлади. 28-дақиқада Азиз Турғунбоев ажойиб зарбаси билан ҳисобни очди. Унинг зарбаси нафақат дарвозани, балки миллионлаб юракларни «титратди».

Иккинчи бўлимда ҳам Ўзбекистон жамоаси фаол ҳаракат қилди. 86-дақиқада Элдор Шомуродов аъло даражада тўпни қабул қилиб, ҳеч қандай имконият қолдирмасдан дарвозани ишғол қилди — ҳисоб 2:0. 90+2-дақиқада эса заҳирадан майдонга тушган Игор Сергеев гол муаллифига айланиб, учрашувдаги нуқтани қўйди — 3:0!

Шундай қилиб, ушбу ғалаба билан Ўзбекистон миллий терма жамоаси гуруҳда 21 очко жамғарди ва Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди.

Мухлислар ҳар бир урилган голни ҳайрат ва шодлик билан қарши олдилар. Уларнинг нигоҳларида қувонч, ифтихор ва ғурур ёрқин намоён эди. Чунки бу натижа 34 йилдан буён кутилган тарихий ютуқ эди. Ўзбекистон илк марта футбол бўйича Жаҳон чемпионати йўлланмасига эга бўлди.

Бу ютуқнинг ортида нафақат футболчилар ва мураббийлар, балки бутун мамлакатнинг меҳнати бор. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг спорт, айниқса футбол соҳасига кўрсатаётган алоҳида эътибори бу натижанинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Президент ташаббуси билан барча ҳудудларда замонавий стадионлар, болалар футбол мактаблари, спорт академиялари ташкил этилди. Миллий терма жамоага кучли мутахассислар жалб қилинди, жисмоний ва психологик тайёргарликнинг замонавий усуллари жорий этилди.

Бу ғалаба нафақат спортда, балки халқимизнинг бирдамлиги, иродаси ва миллий ифтихорининг яна бир ёрқин намунасидир. Ушбу тарихий кун юртимиз фарзандларининг юрагида узоқ йиллар давомида сақланади.

 

Азизбек Дабылов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси

Муаллифнинг туширган расмлари