Ўзбекистон ва Болгария муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда

10 июнь куни Кўксарой қароргоҳида Болгария Республикаси Президенти Румен Радевни расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Қароргоҳ олдидаги майдонда икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди.
Президентимиз олий мартабали меҳмонни самимий қарши олиб, шоҳсупага таклиф этди.
Давлат мадҳиялари янгради. Ҳарбий оркестр садолари остида етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Болгария Республикаси Президенти Румен Радевнинг расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон билан Болгария ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоиз, икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йилда ўрнатилган. Сўнгги йилларда олий ва юқори даражадаги икки томонлама алоқалар фаоллашди.
Давлатимиз раҳбари Болгария етакчисини самимий қутлаб, сўнгги 17 йилдаги биринчи саммит тарихий аҳамиятга эга эканини, Ўзбекистон – Болгария дўстлик ва шериклик муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишини таъкидлади.
Парламентлар, иқтисодиёт ва ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик фаоллашгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Товар айирбошлаш кўрсаткичлари ўсмоқда, кооперациянинг янги йўналишлари ва лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.
Гуманитар алмашинувлар амалга оширилмоқда, Бухоро ва Варна, Самарқанд ва Пловдив ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилган.
Кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташқи сиёсат идоралари ўртасида тизимли алоқаларни йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.
Савдони, энг аввало, тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё ва фармацевтика маҳсулотлари, металл буюмлар ва технологик ускуналар етказиб беришни кенгайтириш орқали кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзаро савдонинг ўсишини рағбатлантириш мақсадида пойтахтларда савдо уйлари очиш, лабораторияларни аккредитациядан ўтказиш ва имтиёзли кредит линиялари ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика, геология, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва IT, туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш устувор йўналиш сифатида қайд этилди.
Самарали ерусти ва ҳаво транспорт йўлакларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода, томонлар икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш имкониятини кўриб чиқишга келишиб олдилар.
Меҳнат ресурслари соҳасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун София шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Миграция агентлигининг ваколатхонасини очиш масаласи кўриб чиқилади.
Гуманитар алоқаларни, шу жумладан, академик ва илмий алмашинувларни фаоллаштириш, жорий йилда Андижон шаҳрида етакчи олий таълим муассасалари ректорларининг учрашувини ўтказиш ташаббуслари қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, келгуси йилда Ўзбекистон ва Болгария маданияти ҳамда киноси ҳафталигини ташкил этишга келишиб олинди.
Эришилган келишувлар ижроси устидан тизимли назоратни таъминлаш мақсадида томонлар қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилиш ва Ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари даражасини ошириш, унинг ишига ҳудудлар ва йирик компаниялар раҳбарларини жалб қилишга аҳдлашилди.
Учрашув якунида Президент Румен Радев Президент Шавкат Мирзиёевни ўзи учун қулай вақтда жавоб ташрифи билан Болгарияга боришга таклиф этди.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Болгария Республикаси Президенти Румен Радев Икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида қўшма декларацияни имзоладилар.
Етакчилар ҳузурида икки томонлама ҳужжатлар, жумладан, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ҳамда Тошкент ва София шаҳарлари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битим алмашилди.
Олий даражадаги музокаралар якунида Кўксарой қароргоҳида дарахт экиш маросими бўлди.
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Румен Радев халқларимиз дўстлиги ва ҳамкорлиги, икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очишга муштарак интилишнинг ифодаси сифатида Фахрий меҳмонлар хиёбонида дарахт экдилар.
Шу куни олий мартабали меҳмон “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.
Румен Радев ушбу муаззам боғнинг бунёд этилиш тарихи билан танишди. Монументда акс эттирилган буюк алломалар, қаҳрамон саркарда ва жаҳонгирлар, жадид боболаримиз ҳақида сўзлаб берилди.
Делегация аъзолари “Янги Ўзбекистон” мажмуасининг ғоявий ва меъморий ечимларига эътибор қаратди. Бу ердаги боғ – ноёб дарахт ва гул-чечаклар, амфитеатр, фавворалар уйғунлиги эътироф этилди.
Болгария Республикаси Президенти Румен Радевнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА мухбири