Ёшлар овози баланд янгради: «Бўзатов ФЕСТ» янги юлдузларни кашф этди

Ёшларга имкон яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва истеъдодини намоён этиш мақсадида йўлга қўйилган «Ёшлар овози» — Бўзатов ФЕСТ танлови 2025 йилда янги босқичга кўтарилди. Президент ташаббуси асосида ташкил этилган мазкур лойиҳа 3–7 июн кунлари илк бор Тошкент шаҳрида юқори савияда ўтказилди. Республика босқичи кучли рақобат, катта тайёргарлик ва унутилмас лаҳзаларга бой бўлди.
Танловнинг асосий мақсади — маҳаллий истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, миллий маданият ва санъатни ривожлантириш ҳамда ёшлар ўртасида ижодий муҳитни кучайтиришдир.
Мазкур танлов илк бор 2020 йилда Муҳтарам Президентимизнинг Қорақалпоғистон ёшлари билан учрашуви давомида илгари сурилган ташаббус асосида ташкил этилган. 2021 йилдан бошлаб Ёшлар ишлари агентлиги ва қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан ушбу танлов доимий равишда ўтказиб келинмоқда. Бу йилга келиб, «Ёшлар овози» — Бўзатов ФЕСТ танлови бренд мақомига эга бўлиб, миллионлаб ёшлар иштирок этадиган миллий ижодий майдонга айланди.
Танлов бахшичилик, анъанавий ижро, опера ва эстрада йўналишларида, 10-15, 16-22 ва 23-30 ёш тоифалари бўйича маҳалладан бошлаб республика босқичигача бўлган босқичма-босқич тизимда ташкил қилинади.
Жорий йилги финал босқичида Қорақалпоғистон Республикасидан иштирок этган ёшлар ўз истеъдоди, маҳорати ва меҳнати орқали юқори натижаларга эришишди. Улар орасидан тўрт нафар ёш ғолибликни қўлга киритди:
Опера йўналишида — Ақилбек Пиязов (23–30 ёш): 1-ўрин
Эстрада йўналишида — Асемай Уракова (10–15 ёш): 1-ўрин
Миллий ижрочилик йўналишида — Иноят Базаров (23–30 ёш): 1-ўрин
Бахшичилик йўналишида — Зулхумор Элиубаева (16–22 ёш): 3-ўрин
Бўзатов ФЕСТ нафақат ёшлар учун ижодий имконият, балки уларнинг келажагини белгилаб берадиган муҳим тадбирга айланмоқда. Янги юлдузлар, янги номлар ва янги ғалабалар билан «Ёшлар овози» фестивали миллий маънавият ривожига ўз ҳиссасини қўшишда давом этмоқда.
Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси