
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Словакия Республикаси Бош вазири Роберт Фицо расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
9 июнь куни Кўксарой қароргоҳида Словакия Республикаси Бош вазири Роберт Фицони расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Қароргоҳ олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қарши олиб, шоҳсупага таклиф этди.

Ҳарбий оркестр ижросида Ўзбекистон ва Словакия давлат мадҳиялари янгради. Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Словакия Республикаси Бош вазири Роберт Фицонинг музокаралари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Словакия ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Қайд этиш лозим, Ўзбекистон ташқи сиёсати стратегиясининг фаоллашуви ва Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга қизиқиши ортиб бораётгани фонида расмий Тошкент ва Братислава ўртасидаги муносабатлар янгича суръат олди. Турли соҳаларда ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари ушбу ташриф кўп қиррали Ўзбекистон – Словакия муносабатлари тарихида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб беришини алоҳида таъкидлади.
Ҳамкорлик барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ташқи ишлар вазирликлари даражасида конструктив сиёсий мулоқотлар йўлга қўйилди, ишбилармонлик ва гуманитар алмашинувлар фаоллашди.
Товар айирбошлаш ортиб бормоқда. Май ойида Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши самарали ўтказилди. Кооперациянинг қатор янги йўналишлари ва лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.
Замонавий таҳдидлар ва олдиндан айтиб бўлмайдиган халқаро вазиятни ҳисобга олиб, ташқи сиёсий идоралар, шу жумладан, Европа институтлари билан шериклик доирасида тизимли ҳамкорлик қилиш, мувофиқлаштириш ва қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.
Товар айирбошлашни кўпайтириш, энг аввало, ўзаро етказиб берилаётган маҳсулот турларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистондан тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, электротехника, кимё маҳсулотлари, полимерлар, Словакиядан эса каучук, автомобиль қисмлари, фармацевтика ва бошқа саноат товарларини етказиб бериш шулар жумласидан.
Техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология соҳаларида имзоланадиган битимларни амалга ошириш доирасида техник тўсиқларни бартараф этиш ва квант эталони лабораториясини ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди.
Словакиянинг етакчи компаниялари билан саноат кооперацияси бўйича кенг кўламли дастурни тайёрлаш, жумладан, агросаноат мажмуи, автомобиллар учун бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, «яшил» энергетика ва туризм лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.
Рақамли ечимларни жорий этиш ва стартап инвестициялар соҳасида катта имкониятлар мавжуд. Шу маънода, IT стартапларини акселерация қилиш бўйича қўшма венчур фондини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.
Шунингдек, қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун мавжуд молиявий воситалардан кенг фойдаланиш таклиф этилди.
Гуманитар соҳада таълим ва академик алмашинувни ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани тасдиқланди. Қўшма тадқиқот дастурларини, шу жумладан, Братиславадаги Коменский университети иштирокида йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришилди.
Томонлар ўзаро кўргазмалар, кино намойишлари, концертлар, шунингдек, музей иши соҳасидаги лойиҳаларни ўтказишни назарда тутувчи Маданият соҳасида ҳамкорлик дастурини қабул қилишга келишиб олдилар.
Ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Словакия томони ушбу соҳада тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор экани таъкидланди.
Халқаро аҳамиятга молик масалалар, жумладан, кўп томонлама майдонларда ўзаро қўллаб-қувватлаш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Қабул қилинган қарор ва келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида икки мамлакат ҳукуматлари томонидан кенг қамровли «йўл харитаси» қабул қилиниши ҳақида келишиб олинди.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Словакия Республикаси Бош вазири Роберт Фицо Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар.

Етакчилар ҳузурида икки томонлама ҳужжатлар, хусусан:
– дипломатик кадрлар тайёрлаш тўғрисида;
– қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида;
– стандартлаштириш, метрология ва товарларнинг мувофиқлигини баҳолаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида;
– энергетика бозорларини тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар;
– 2025-2026 йилларга мўлжалланган ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик дастури;
– 2025-2026 йилларга мўлжалланган стандартлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик дастури алмашилди.
Олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Словакия Бош вазири Роберт Фицо Фахрий меҳмонлар хиёбонида биргаликда дарахт экдилар.

Маросим икки мамлакат халқлари ўртасида дўстлик ва ўзаро англашув мустаҳкамланиб бораётгани, Ўзбекистон – Словакия муносабатлари ривожида янги – стратегик шериклик босқичи бошланганининг рамзи бўлди.
Шу куни олий мартабали меҳмон “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.
Мажмуа билан қисқача танишув асносида Словакия делегацияси вакилларига мазкур ансамбль мазмуни ва меъморий ечимлари ҳақида маълумот берилди.
Словакия Республикаси Бош вазири Роберт Фицонинг Ўзбекистонга расмий ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА мухбири