Қорақалпоғистоннинг биринчи лифтёрлари

297

 

Илгари фақат телевизорда кўриб баъзилар орзу қилган касб бугун – Нукус шаҳридаги ва туманлардаги шу мутахассисликни танлаган фуқароларнинг қўлига теккан ҳақиқий имкониятга айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 январдаги махсус қарори асосида республикамиз тарихида биринчилардан бўлиб, лифт ва эскалаторларни таъмирлаш, монтаж қилиш, хизмат кўрсатиш бўйича касбга ўқишни тамомлаган фуқароларга малака сертификатлари топширилди.





Бу меҳнат бозорида ўз ўрнини излаб юрган фуқароларга қўлга теккан ҳунар десак янглишмаган бўламиз.

Нукус шаҳри Касбий кўникмалар марказида ўқитиладиган 15 ҳафталик ўқув курси механика, электр, муҳандислик билимлари билан бойитилган чин маънодаги амалий мактаб. Унинг битирувчилари замон талабига мос электр кўтаргич усталар ҳисобланади. Алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу сертификат ўрта махсус, касб-ҳунар таълими даражасига тенглаштирилган. Яъни, қўлингизда шунчаки оддий сертификат эмас, ҳақиқий меҳнат қуроли бор дегани.

Электр кўтаргич усталаридан ташқари, ўқув марказида замон талабига мос бошқа касблар бўйича ҳам курслар очилган. Хусусан, совутиш қурилмаларини таъмирлаш, видеограф-мобилограф, сартарошлик, маникюр-педикюр, уқалаш (массажчи), миллий ўйинчоқ тайёрловчи, тикувчилик касблари.

Бу ерда ўқиб чиққан фуқароларга ўз келажагини ишончли яратиш имконияти яратилмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги