Оролбўйини ривожлантиришга қаратилган муҳим мулоқот

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев мамлакатимизнинг Швециядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Раҳматулла Нуримбетов ҳамда Польшадаги фавқулодда ва мухтор элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев билан учрашув ўтказди.
Мазкур учрашувда сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Оролбўйини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, экологик муаммоларни бартараф этиш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида сўз юритилди.

Аманбай Орынбаев ўз нутқида ҳудудда хорижий инвестицияларни жалб қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва чет эллик ҳамкорлар билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишда элчиларнинг роли беқиёс эканини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, Президентимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг Қорақалпоғистонга ташриф буюриши ҳудудни ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим сиёсий қадам эканлиги айтилди.
Учрашувда дипломатлар самимий қабул учун миннатдорлик изҳор этишди ҳамда келгусида Оролбўйи минтақаси учун долзарб бўлган қатор масалаларда, жумладан, халқаро лойиҳаларни йўлга қўйиш, янги инвестицияларни жалб этиш ва янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш борасида ўз фикр ва таклифларини билдирди.
Шу каби мулоқотлар Қорақалпоғистоннинг барқарор ривожланиши, янги имкониятларни яратиш ва минтақанинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги