Асосий вазифалар белгилаб олинди

Беруний туманида бу йилги ғалла ўримига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, мўл ҳосил етиштиришда олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар учун ўз миннатдорчилигини ва буғдойдан юқори хирмон яратилишига тилакдошлигини билдирди.
Семинарда Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов, барча туман ҳокимлари, соҳа мутасаддилари иштирок этди.

Тадбир аввалида нуронийлар томонидан деҳқонларимизнинг олдида турган машаққатли ва масъулиятли ишларида куч-қувват, юртимизда тўкин-сочинлик, дастурхонимиз тўкин бўлишини тилаб, Қуръон тиловат қилинди.
Семинарда давом этадиган йиғим-терим мавсумида амалга ошириладиган ишлар кенг тушунтирилди. Таъкидлаш жоизки, бу йил деҳқон ва фермерларимиз учун «Ғалла йили» бўлди. Чунки, кўп йиллик тажрибадан маълумки, баҳор ойларида ёғингарчиликнинг кўп бўлиши ва ғалла ўсиб ривожланиши учун об-ҳавонинг яхши келиши – ҳосилнинг мўл бўлишига ижобий таъсир кўрсатди.

Етиштирилган буғдойни қисқа муддатларда уюшқоқлик билан ўриб-йиғиб олиш бўйича талаб этиладиган маблағларнинг ҳисоб-китоблари ишлаб чиқилган. Ўрим-йиғим ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида отрядлар тузилиб, уларга махсус машина-механизмлар, техника ва агрегатлар бириктирилди. Ёқилғи-мой материаллари захираси яратилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги