Халқаро таълим маркази Нукусда ташкил этилади

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига Малайзиянинг нуфузли ИНТИ Халқаро университети делегацияси ташриф буюрди. Мазкур олий таълим муассасаси жаҳон рейтингида 516-ўринни эгаллаган бўлиб, халқаро миқёсда ўзининг сифатли таълим дастурлари билан танилган.
Хорижий меҳмонларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Б.Отемуратов расмий равишда қабул қилди. Учрашув давомида икки томонлама таълим алоқаларини кенгайтириш, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

ИНТИ университети делегацияси таркибида Халқаро алоқалар бўлими директори Чоо Ўоу Онн, IT факултети декани, доктор Нариндержит Сингҳ Саўаран Сингҳ ҳамда Иқтисодиёт ва менежмент факултети декани Сити Нурбааяҳ Бинти Дауд қатнашди. Шунингдек, учрашувда Нукус шаҳридаги Инновацион технологиялар университети ректори А.Аъзамов ҳам иштирок этди.
Суҳбат чоғида Қорақалпоғистонда халқаро таълим маркази фаолиятини ташкил этиш, Инновацион технологиялар университетига хорижий талабаларни жалб қилиш, ўзаро илмий ва академик алмашинувни кучайтириш юзасидан муҳим келишувларга эришилди.
Мазкур ташриф минтақада олий таълимнинг сифатини ошириш, ёшлар учун замонавий билим ва имкониятлар яратишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси