1300 хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланади

55

Мўйноқ туманида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган йирик лойиҳа доирасида янги сув линияси тортилаётгани ҳақида хабар берилди. 2024 йил 29 октябрь куни мазкур лойиҳага расман старт берилган эди ва бугунги кунда қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда.

Лойиҳага кўра, янги сув тармоғи орқали суткасига 5 минг куб метр тоза ичимлик суви етказиб берилади. Бу эса 1300 дан зиёд хонадонни доимий равишда тоза сув билан таъминлаш имконини беради.

Ушбу ишларни молиялаштириш Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 8,21 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Сув тармоғи «Туя муюн» сув омборидан старт олиб, Мўйноқ туманидаги қуйидаги овул ва маҳаллаларни қамраб олади: «Қизилжар» ОФЙнинг Алий овули, «Ҳәким ата»

ОФЙнинг Дўстлик овули, «Мәдели» ОФЙнинг Шеге овули, «Бўзатов» ОФЙнинг Амударё, Қипчоқдарё ва Таллиқ овуллари ҳамда «Учсой» ОФЙнинг Учсой ва Тўқпоқ ота қишлоқлари. Шунингдек, туман марказидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳам янги сув тармоғи орқали таъминланади.

Айни вақтда лойиҳа доирасидаги қурилиш ва монтаж ишлари барча ОФЙлар ҳамда туман марказида фаол равишда амалга оширилмоқда. Янги сув линияси аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги