Болалар саломатлиги – ёрқин  келажагимиз асоси

354

Болаликдан бошлаб инсон саломатлигига қанчалик эътибор берилса, бу албатта келажакда ўз самарасини беради. Чунки инсон болаликда нимага ўргатилса, ҳаётига катта имкониятлар яратилади. Мамлакатимизда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Хўжайли туманидаги Республика болалар фтизиатрия санаторияси ҳозирги вақтда болаларда кўп учрайдиган Mycobacterium tuberculosis infectio (халқ тилида – туберкулёз) касаллигига қарши курашда ўз фаолиятини олиб бормоқда. Ушбу сиҳатгоҳ 2023 йилда иш бошлаган. Дастлаб 80 ўринли бўлган бўлса, ҳозир у ерда 100 дан ортиқ бола даволанмоқда. Санатория фақат касалликнинг олдини олишга ихтисослашган. У ерга юқумли касалликка чалинган болалар эмас, балки шу касалликка чалинган одамлар билан алоқада бўлган болалар даволанади. Болалар жойлаштирилгандан сўнг, шифокорлар томонидан тестлар ва таҳлиллар олинади.

Уларга мос витаминлар ва дори-дармонлар тавсия этилади. Санаторияда барча шароитлар яратилган. Болаларга кунига 5 маҳал овқат ва витаминлар берилади. Бундан ташқари, ўқув жараёни ҳам йўлга қўйилган бўлиб, 11-синфгача таълим берилади. Асосан 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар бу ерда даволанади.

– Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган афзал. Биз учун болалар саломатлиги жуда муҳим. Шу сабабли уларга ўз фарзандимиздек меҳр билан қараймиз, – дейди санатория бош шифокори Генжемурат Бобожонов. Бу ерда даволанаётган болалар билан суҳбатлашганимизда сиҳатгоҳда яратилган шароитлар ҳақида ижобий фикрларини билдирди. – Мен бу ерга келганда тана вазним 30 кг эди, яхши даволанганим учун орадан кўп вақт ўтмай 35 кг бўлдим. Бу сиҳатгоҳ менга жуда ёқади, устозларимиз ва шифокорларимиз жуда меҳрибон, – дейди ўн уч ёшли Нурсултон.

Болалар санаторийда турли спорт тўгаракларига қатнашиб, футбол, енгил атлетика, шахмат-шашка спорт турлари билан шуғулланиб келмоқда.

– Бу ердаги тенгдошларим билан футбол билан шуғулланиб, менда футболчи бўлиш орзуси пайдо бўлди.

Мухтасар айтганда, сиҳатгоҳда яратилган шароитлар, меҳрли муҳит, соғлом овқатланиш ва малакали шифокорлар ёрдами туфайли болалар нафақат саломатлигини тикламоқда, балки орзу-интилишлари сари қадам ташламоқда. Бундай масканлар – болаларнинг соғлом ҳаёти, бахтли болалиги ва ёрқин келажагининг гаровидир. Чунки соғлом бола – соғлом жамиятнинг пойдевори.

Гулшада Кайратбаева, Бердақ номидаги ҚДУ қорақалпоқ филологияси ва журналистика  факультети 1-курс талабаси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги