Нукус шаҳрида янги музқаймоқ ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга тушди

Нукус шаҳрида кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида навбатдаги муҳим лойиҳа амалга оширилди. «Ювента Нукус» МЧЖ томонидан умумий қиймати 20,6 миллиард сўмни ташкил этувчи сут маҳсулотларидан музқаймоқ ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди.
Ушбу лойиҳа, муҳтарам Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган 213-сонли фармони асосида имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан молиялаштирилди. Шу асосда корхонада йилига 672 тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга замонавий технологиялар ўрнатилди.
Энг муҳими, мазкур лойиҳа доирасида 23 нафар фуқаро доимий иш ўрни билан таъминланиб, уларнинг оилалари даромад манбаи ва барқарор ҳаётга эга бўлди.
Бу каби лойиҳалар нафақат маҳаллий иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатмоқда, балки Қорақалпоғистонда саноат салоҳиятини ошириш, ёшлар ва мутахассислар учун янги имкониятлар яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги